Наманган вилоятининг Норин тумани деҳқонлари мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ердан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш бўйича тажрибага эга.
Аҳолининг сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги олдини олиш мақсадида хўжаликларда 2 минг 632 гектар майдонга 2024 йил ҳосили учун 2023 йилнинг август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости экинларни экиш ишлари амалга оширилган.


Вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур туманда тўқсонбости экин экиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу борада томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар давомида ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан август-сентябрь ойларида пиёз, саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида эса тўқсонбости экинларидан сабзи, ош лавлаги, кўкатлардан кашнич, петрушка, сельдир, салат барги ҳамда редиска ва карам экиб, етиштириш муҳимлиги айтиб ўтилди.


Шунингдек, масъуллар томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини, ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг даромадларини ошириш, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тегирмонбоши маҳалласи ҳудудида вилоят раҳбари бошчилигида мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири