
Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги ва "Top 100 Uni" лойиҳаси доирасида “Top Coach” платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир давомида лойиҳа раҳбари Орзугул Ғойибова янги яратилган “Top Coach” платформасининг имкониятлари ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот берди.


Қайд этилганидек, ушбу платформа мамлакатимизда хорижда ўқишни мақсад қилган ёшлар учун йўл кўрсатадиган устоз бўла олади ва халқаро таълимга етакловчи ишончли кўприкка айланади. Бу ерда фойдаланувчилар тажрибали менторлар билан ишлаш, AI ёрдамида иншолар ёзиш ва текширтириш, турли курслар ва дарслардан фойдаланиш ҳамда индивидуал консултацияларга ёзилиш имкониятига эга бўлади. Платформа "Top 100 Uni" лойиҳаси доирасидаги оромгоҳлар ва тадбирлар ҳақида биринчилардан бўлиб хабардор бўлиш имконини яратади.

Тақдимотда қатнашувчилар учун амалий семинар ва консултациялар ҳам ташкил этилди. Тақдимотнинг яна бир муҳим қисмларидан бири — дунёнинг энг нуфузли университетларига 100 фоиз грант асосида қабул қилинган ёшлар билан бўлган жонли суҳбатлар бўлди. Иқтидорли ва хорижнинг нуфузли университетларида ўқийдиган ёшлар ўз муваффақиятлари ва ютуқлари билан ўртоқлашди.

Тадбир якунида фаол ва омадли иштирокчиларга турли қимматбаҳо ваучерлар, шу жумладан SAT курслари учун сертификатлар, ёзги "Top 100 Uni" 2025 учун “Golden Ticket” ва бошқа эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА