Аҳоли томорқалари ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонларида маҳсулот етиштиришда ихтисослашувни чуқурлаштириш замоннинг талаби саналади. Бу орқали ҳудудларда “ўсиш нуқталари”ни шакллантириш мумкин.
Ер майдонларидан унумли фойдаланаётган туманлар ижобий тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич қўллаш яхши самара беради. Жойларда алоҳида йўналишларда, тегишли бренд остида фаолият юритишга ихтисослашган компанияларни ташкил этиш масаланинг яна бир муҳим томони.
Мамлакатимизда бу каби тажрибалардан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралда “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш ҳақида”ги қарори соҳадаги ислоҳотларни янги босқаичаг кўтарди.

Ҳужжатлар ижроси доирасида Асака туманидан қилинаётган ишлар, амалий натижалар ҳақида қисқача тўхталамиз.
Тумандаги Обод маҳалласида яшовчи ёшларга 10-15 сотихдан ажратилган ижара ер майдонлари комплекси мавжуд. Бу ерда 30 нафар ёш иссиқхонада маҳсулот етиштириш билан шуғулланади.
“Asaka – Agro Star” компанияси томонидан ушбу ёш тадбиркорлар учун сабзавот уруғи ва минерал ўғитлар етказиб берувчи “маҳалла дўкони” фаолияти йўлга қўйилди. Бу дўкондан ёшлар компания тавсияси асосида иссиқхоналари учун 50 миллион сўмгача миқдордаги зарур бўлган маҳсулотларни 6 ойгача муддатга бошланғич тўловларсиз “насия савдо” асосида олишлари мумкин.
“Самар агрозоовет сервис” корхонаси туманнинг 5 та маҳалласидаги томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликларига сабзавот уруғлари, минерал ўғитлар етказиб беради. “Asaka – Agro Star” компанияси томонидан жорий йилда ушбу корхона фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва бу орқали хизмат қамровини кенгайтириш режа қилинмоқда. Яъни, тадбиркорга 4,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилади. Бунинг натижасида корхона умумий ҳисобда 20 та маҳаллага хизмат кўрсатиш даражасига эришади.

– Қарорда муассислигимизда ташкил этиладиган “Asaka – Agro Star” каби ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари белгилаб берилган, – дейди “Uzagrostar xolding” компанияси директори Бурхон Нормирзаев. – Улар базавий ва қамраб олинадиган туманларда мавжуд томорқа, деҳқон, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналарга тегишли ер майдонлари ҳажми, маҳаллалар ихтисослашуви, асосий экспорт йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради. Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда сифатли уруғ ва кўчатларни танлаш, олиб келиш, уларнинг экилишини ташкил этишга кўмаклашилади. Яна бошқа шу каби вазифалар борки, улар шу тармоқнинг ривожига хизмат қилади.
“Asaka – Agro Star” компанияси томонидан Отиш маҳалласи ҳудудида фаолият юритувчи лидер тадбиркор Сардор Турсунбоев билан ҳамкорликда “томорқачилик мактаби” ташкил этилди. Бугунги кунга қадар мазкур уқув машғулотига томорқа эгалари ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари жалб этилди. Улар томорқачилик бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлди.
Ўқув жараёнлари бевосита амалиёт билан боғланган ҳолда олиб борилмоқда. Назарий дарслар учун хорижлик экспертлар, олим-агрономлар жалб қилинган.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири