
Кунлар исиб, дов-дарахтлар уйғонишни бошлаган, ерга қадалган уруғлар бош кўтарадиган бир паллада юртимизнинг барча жойларида баҳорий кайфият ҳукмрон. Шу кунларда баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган томорқачи ўз томорқасидан, фермер ўз даласидан чиқмайдиган палла бошланган.
Тўғрида, бугун ҳар бир ер эгаси ўзига тегишли томорқасидан фойда олишни, дарахт ўтқазиб кўкартиришни, кўчат экиб, жиллақурса уй-рўзғорига наф келтиришни истайди. Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари ҳам томорқачиликни ривожлантиришга оид яна бир муҳим ҳужжатни қабул қилди.
Шу йилнинг март ойида “Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармойиш эълон қилинди ва бу айнан бободеҳқон равнақи, томорқачилик ривожи учун катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Мазкур фармойишда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил қилган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада фаоллаштириш орқали 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамини ва муборак Рамазон ойини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш, атрофни яшилликка буркаш ҳам мақсад қилинган.
2025 йил 11 мартдан “долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди. Унга кўра маҳаллаларда 29 мингта кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш, аҳоли ер участкаларига зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш кўзда тутилган.
Хонадонларга 1 миллион бошдан ортиқ парранда, 24 минг оилага асалари ва 21 минг бош қўй-эчки ва қорамол етказиб бериш, 400 минг гектар аҳоли томорқаларида ҳамда 180 минг гектар ижара ер майдонларида сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва бошқа сердаромад экинларни экиш режа қилинмоқда.
Ҳар бир маҳаллада етакчи тадбиркорларни бириктириш орқали аҳоли томорқаларида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” ҳамда ижара ерларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида сердаромад экинлар экилиши белгилаб олинди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экилишини ташкил этиш, камбағал оилалар хонадонларига экиш учун мевали дарахтлар кўчатларини етказиб бериш ҳам кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, маҳаллаларда мини-трактор ва мотокультиватордан фойдаланган ҳолда аҳоли томорқаларини экин учун тайёрлаш ишларини ташкил этиш ҳамда уларга уста деҳқонлар ва агрономларни бириктириш режа қилинмоқда.
Шу кунларда Фермерлар Кенгаши ҳузуридаги “Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази” томонидан зарур техникаларни шай ҳолатга келтириш ва янгиларини харид қилиш бўйича йирик корхоналар билан музокаралар олиб бормоқда.
Масалан, Кореянинг энг йирик қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи “We can Global” компанияси 40 дан зиёд мамлакатларга сифатли қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беради.
Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари диққат билан улар тақдим этган техникаларни ўрганиб, ўз таклифларини беришди. Кореялик делегация ушбу тавсияларни ўрганиб чиқиб, ер ҳусусиятларини таҳлил қилишлари кераклигини ва шунга мос техникаларни олиб киришлари кераклигини билдиришди.
Шундан сўнг улар Республика Фермерлар кенгаши қошидаги Янгийўл марказий томорқа хизмати фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу ҳудуд 20 гектарни ташкил этади ва шундан 10 гектари иссиқхона хўжалигидир. Мазкур иссиқхоналар тўлиқ муқобил энергиядан ва “термос” усулидан фойдаланилиб иситилади. Бу ерда сифатли уруғлик ва инновацион кўчатчилик йўлга қўйилган.
Учрашув якунида кореялик ҳамкорлар 50 от кучига эга мини тракторни синов тариқасида марказга беришга қарор қилди. Албатта қилинаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ҳудудларда ихчам иссиқхона, парранда, балиқ, чорва моллари, асалари қутилари, лимон, хурмо ва бошқа экинларнинг уруғ ва кўчатларини тайёрлаш, маҳаллаларда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган микролойиҳаларни кўпайтиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WsFsqWzv_2Y" title="Tomorqachilikda “dolzarb bir oylik” safarbarligi e’lon qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА