
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Қорақулончи маҳалласида деҳқончилик, анча ривожланган бўлиб, ҳозирда аҳоли томорқа ери 140 гектарни ташкил этади.
Шундан қарийб 60 гектарда иссиқхона барпо этиб, йил бўйи турли маҳсулотлар етиштириб келинади. Санжар Ачилов ҳам маҳалладошлари каби томорқадан унумли фойдаланиб келмоқда.

– Карам етиштириб келаётганимга 3-4 йил бўлди, – дейди Санжар Ачилов. – Аввалига 2 сотих майдонда етиштирган эдим. Вақтида парвариш қилинса, ўйланган ҳосилни олиш мумкин. Ҳар йили 35-40 миллион сўм карамни ўзидан соф даромад оламиз. Асосийси, ҳалол меҳнат орқасидан муҳтожлик билмай, рўзғорни бут қиляпмиз. Томорқа даромад манбаи.

Шубҳасиз, деҳқончиликда катта тажриба орттирган хонадонда олинаётган маҳсулот ҳам оила фаровонлигига хизмат қилмоқда. Ҳалол меҳнатдан келаётган даромад оила орзуси рўёбига, фарзандлар таълим-тарбиясига,рўзғор камини тўлдиришга сарфланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.