Наманган вилояти Чуст тумани Тоймасобод маҳалласида яшовчи Шамшиддин Жанобиддинов 25 сотих майдонда ташкил этган иссиқхонасида полиз экинлари кўчатчилиги билан шуғулланмоқда.
Айни пайтда иссиқхонада 500 мингдан ортиқ помидор, бодринг, тарвуз, қовун, ҳандалак ва ошқовоқ кўчатлари парваришланмоқда. Деҳқоннинг таъкидлашича, ушбу фаолият орқали йиллик ўртача 80–90 миллион сўм соф даромад олинмоқда. Бу йил эса иш кўламини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Ҳозирда иссиқхонада 25 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланган. Яқин кунларда қўшимча экилган 4 миллиондан ортиқ полиз кўчатлари ҳам тайёр ҳолга келиши кутилмоқда.
[gallery-28069]
Шунингдек, Тоймасобод маҳалласидаги бир гуруҳ ташаббускор ёшлар “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида амалий иш бошлади. Улар давлат раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ ажратилган 2 гектар ер майдонида дуга усулидаги енгил типдаги плёнкали туннел технологияси асосида тезпишар тарвуз етиштиришни йўлга қўйган.
Лойиҳа доирасида 2 гектар майдонга 12 минг дона тарвуз кўчатлари экилган бўлиб, мазкур экиндан 150 тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда.
Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни қўллаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Суратларда: 1,2,3,4,5,6,7-Тоймасобод маҳалласидаги бир гуруҳ ташаббускор ёшлар “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида амалий иш бошлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА