Бугунги кунда Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини замонавий асосда ривожлантириш, айниқса сув танқислиги шароитида юқори самарадорликка эришиш устувор вазифалардан бирига айланган.
Шу маънода томчилатиб суғориш технологияларининг кенг жорий этилиши ҳудуд аграр соҳасида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бермоқда.
Сўнгги йилларда вилоятда боғдорчилик ва узумчилик йўналишлари жадал ривожланмоқда. 2019–2025 йиллар оралиғида мева боғлари ва токзорлар майдони 46 минг гектарга етказилгани Жиззахнинг аграр салоҳияти тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бундай кенгайиш нафақат экин майдонларининг кўпайиши, балки илғор агротехнологияларни жорий этиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида вилоят бўйича 12 минг гектардан ортиқ боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Мазкур усул анъанавий суғориш билан солиштирилганда сув сарфини кескин камайтириши, тупроқ намлигини барқарор сақлаши ва ўсимликларнинг озиқланиш жараёнини оптималлаштириши билан ажралиб туради. Натижада ҳосилдорлик ошиб, фермер ва боғбонлар учун иқтисодий самарадорлик таъминланмоқда.
Айниқса, тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган Янгиобод, Зомин, Ғаллаорол, Бахмал, Фориш ҳамда Шароф Рашидов туманларида мазкур технологияга талаб юқори. Ҳозирда бу ҳудудларда 29,3 минг гектар боғ ва 16,7 минг гектар узумзор мавжуд бўлиб, сувни тежовчи суғориш усуллари ушбу ерларда барқарор ҳосил олишнинг муҳим омилига айланмоқда.
2025 йил давомида вилоятда яна 2413 гектар майдонда саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар барпо этилгани эътиборга молик. Ушбу боғлар замонавий агротехника, селекция ва суғориш тизимлари асосида ташкил этилиб, экспортбоп маҳсулот етиштириш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззах вилоятида томчилатиб суғориш технологияларининг кенг жорий этилиши сув ресурсларини тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилаётир. Бу жараён нафақат бугунги натижалар, балки келажакда вилоят аграр тармоғининг рақобатбардошлигини ошириш учун ҳам мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири