Маълумки, Токио шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Япония” саммити доирасида давлат раҳбарлари ҳамда ҳукумат вакиллари иштирокида қатор муҳим учрашувлар ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, ушбу йиғин минтақамиз ва кунчиқар юрт ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили Оламгир Тошпўлатов саммит доирасида ўтказилган музокаралар хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
– Мазкур тадбир ҳақиқаттан ҳам тарихий аҳамиятга эга, –деди у. – Айтиш ўринлики, давлат раҳбарларининг саммитдаги иштироклари Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги бизнес алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Унинг таъкидлашича, форумда Япония бизнес доираларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши яққол намоён бўлди.
– Мазкур саммитда Япониядан 200 дан ортиқ йирик компания вакилларининг иштирок этиши минтақага катта қизиқиш мавжудлигини кўрсатади, -деди О.Тошпўлатов. – Уч юздан ортиқ қўшма лойиҳалар эълон қилинди. Бу ҳамкорлик фақат иқтисодиёт билан чекланиб қолмасдан, технологик ҳамкорлик ва савдо соҳаларида ҳам янги йўналишларни белгилаб беради. Президентимиз ўз нутқида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб берди. Энергетика, инфратузилма, транспорт, саноат ва бошқа стратегик соҳаларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бу ташаббуслар шерикликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Д.Ҳакимов, ЎзА