Японияга ташриф доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Японияда ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ҳамда стартапларни ривожлантираётган ўзбекистонлик ватандошлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш, стартаплар ва АТ-мутахассислар учун мавжуд имкониятлар, шунингдек, хориждаги ўзбек диаспораси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда рақамли технологиялар вазири мамлакатда стартап экотизимининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш динамикаси, рақамли ислоҳотлар натижалари ҳақида маълумот берди.
Учрашувнинг алоҳида қисми хорижда фаолият юритаётган ватандошлар учун IT Park Uzbekistan томонидан яратилган имкониятларга бағишланди.

Учрашувда Япониянинг етакчи халқаро компаниялари ва технологик лойиҳаларида ишлаётган йигирмадан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар ва стартап асосчилари иштирок этди. Улар Япония бозорига кириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида Японияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар сўнгги йилларда Ўзбекистон стартап экотизимида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва технологик бизнесни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.
Томонлар икки давлат ўртасидаги технологик ва инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб олди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА