Аввал хабар берганимиздек 28-30 октябрь кунлари Ўзэкспомарказ павильонларида соҳавий жиҳатдан бир-бирига чамбарчас боғлик бўлган тармоқлар тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик йўналишидаги 19-Халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда.
Кўргазманинг биринчи кунида йирик халқаро кон-металлургия форуми бўлиб ўтди. Унда тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда халқаро компаниялар, ҳукумат вакиллари, соҳа раҳбарлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, молия институтлари ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирнинг иккинчи кунида “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси томонидан очиқ ва ёпиқ павильонларда ташкил этилган кўргазмада 15 мамлакатдан 150 дан ортиқ компания иштирок этди. Ташриф буюрганлар фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш техникалари, метал прокат, қувурлар ва бошқа тармоқ учун зарур маҳсулот ва ускуналар билан танишдилар ҳамда уларнинг хусусиятлари ҳақида мутахассислардан керакли маълумотларни билиб олдилар.
Табиий ресурсларга бой бўлган мамлакатимизнинг тоғ-кон сектори саноатимизни хом ашё билан таъминлаш салоҳиятига эга. Фақат бунинг учун янги технлогиялар, инновацияларни жорий этиш, кам сарфлаб кўпроқ даромад топиш талаб этилади. Кўргазма айнан шу мақсадларни юзага чиқаради ва ишлаб чиқарувчилар билан етказиб берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир.
Экспозиция иккита асосий секторга бўлинган бўлиб, “Тоғ-кон иши” бўлимида фойдали қазилмалар қазиб олиш ва қайта ишлашнинг барча босқичлари учун ечимлар, ускунлар, бурғулаш қурилмалари ва асбоблари каби ўнлаб мосламалар намойиш этилди. “Металлургия ва машинасозлик” бўлимида эса шу йўналишдаги корхоналар учун кенг турдаги ускуналар ва технологиялар, замонавий дастгоҳлар, кранлар, геотехника ва қурилиш эҳтиёжлари учун материаллар, саноат чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича янгича ечимлар тақдим қилинди.
Биргина Германиядан 16 йирик компания иштирок этмоқда. Улар томонидан кон-металлургия комплекси учун ускуналарнинг кенг ассортименти намойиш этилди.
- Бизни компания 100 йилдан буён дунё бозорида фаолият юритиб келмоқда, - дейди Германиянинг “Steuler” компанияси вакили Кристов Глэссер. – Ишлаб чиқариш корхоналаримиз Германияда жойлашган. Компаниямиз 3 йўналишда фаолият олиб боради. Бу темир буюмларнинг емирилишдан ҳимоя қилувчи қопламалар, юқори даражадаги иссиқликка бардошли тизимлар, пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлимлари шулар жумласидандир. Марказий Осиё минтақасида тоғ-кон саноатида кўп йиллардан буён иштирок этиб келамиз. Бу йўналишдаги корхоналар учун ҳимоя қопламалари етказиб бермоқдамиз. Шу билан бирга Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари билан фаол ҳамкорлик қиламиз. Бугунги кўргазма орқали бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Очиқ экспозицияда эса кўргазмага келганлар қурилиш ва кончилик ускуналари, бурғулаш қурилмалари, экскаваторлар ва бошқа ўнлаб соҳа учун зарур бўлган техникаларни кўришлари ва мутахассислардан керакли тавсияларни олишлари мумкин бўлади.
Кўргазмада илк бор Мўғулистон давлатидан келган компания иштирок этиб, уларнинг портловчи моддалар ташиш учун ихтисослашган ускуналари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Намойишлар 30 октябрга қадар давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nt_25VQJDyc" title="Tog`-kon ishi, metallurgiya va metallsozlik ko`rgazmasi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА