French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинимсиз ҳаракат ва меҳнатнинг эътирофи юқори бўлади

Халқимизда "Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир", дея бежиз айтилмаган. Зеро юртнинг эртанги тақдири ҳам айнан билимли, иқтидорли, юксак тарбияли ёшларига боғлиқ. Шу туфайли ҳам мамлакатимизда ёшлар сиёсатига давлат даражасида эътибор қаратилади.

Хусусан, Президентимиз жорий йил февраль ойида ёшлар билан ўтказган мулоқотида ҳам юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшлар жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган тантанали байрамда Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, иқтидорли, ўз интилишлари билан юқори натижаларга эришган қизлар Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланади. Уларнинг кўпчилиги ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 24-болалар мусиқа ва санъат мактабининг бадиий каштачилик ўқитувчиси Паризод Холмуҳамедова ҳам ушбу юксак мукофот совриндори бўлди. У “PariShax” бренди асосчиси бўлиб, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик, дизайн, ва бадиий каштачилик каби йўналишларда ижод қилади. Ўз ижод намуналарида миллий қадриятларимиз, Ватан, она табиат манзараларини акс эттиришга ҳаракат қилади.  

— Давлат мукофотини Президентимиздан оларканман, ўз йўлимдан илдам ҳаракат қилишимни, ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик кераклигини таъкидлади. Жуда ҳаяжонландим. Ёшлигимда қўлимга игна ва ип олганимда мана шундай эътирофга сазовор бўламан, деб ҳеч ҳам хаёлимга келтирмаган эдим. Барча ютуқларим ортида аввало ота-онам, устозларимнинг менга берган тарбияси ва меҳнати ётади. Уларнинг ишончини оқлашга, ҳудудимиз ривожига ҳисса қўшишга интиламан, — дейди П. Холмуҳамедова.  

Унинг бу йўналишда 10 йиллик тажрибаси бор. Қаҳрамонимиз тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли  2024 йилда ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган Халқаро ҳунармандлар Кенгашининг сифат сертификатини олишга эришди.  Ўтган даврда кўплаб халқаро ва мамлакатимизда ўтказилган маданият ва туризм кўргазмалари, танловларда қатнашди. У Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Олтин медал”и ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби бўлган. Шу каби фаоллиги ва эришган натижалари туфайли олий ўқув юртига имтиёзли қабул қилинган.  

Паризоднинг ҳаёт йўлида ҳунар ва жамоатчилик фаолияти уйғунлашган. У тумандаги 60 дан зиёд ёш қизлар ва аёлларга каштачилик ҳунарини ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ҳар бир чокда меҳр, ҳар бир нақшда миллий руҳ акс этган кашталар орқали у нафақат гўзаллик яратади, балки қалбларга ишонч ва умид улашади.  

П. Холмуҳамедова Юқори Чирчиқ туманидаги 24-болалар мусиқа ва санъат мактабида каштачилик йўналишида дарс беради. Шу билан бирга, Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида ҳам иш олиб бормоқда. Унинг айтишича, ўқувчиларнинг бу ҳунарга қизиқиши ортиб бормоқда. Амалий машғулотларда улар миллий безакларни замонавий дизайн асосида турли либослар, уй жиҳозлари ва аксессуарларга уйғунлаштиради.  

Унинг ташаббуси билан ҳозир кўплаб хотин-қизлар каштачилик сирларини эгаллаб, нафосат, сабр-тоқат ва бадиий дид каби фазилатларни шакллантирмоқда. Бу эса уларнинг нафақат даромадини оширишга, балки жамиятдаги фаол ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

А. Мусаев, ЎзА