Муносабат
Ёшлар таълим-тарбияси барча даврларнинг энг муҳим ва энг долзарб масаласи бўлиб келган. Инсоният яралибдики, навқирон авлод вакилларини одоб-ахлоқли қилиб вояга етказиш ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган.
Мамлакатимизда ҳам ёшлар таълим-тарбияси давлатимиз ва ҳукуматимиз диққат эътиборида. Ҳатто бу масалага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб ҳам бутун дунёга баралла айтилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80-сессиясида: «Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир.
Бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурамиз. Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз», дея таъкидладилар.
Ҳақиқатан, Ислом – бағрикенг, бағрикенгликка тарғиб қилган дин. Исломда ҳар бир махлуқотнинг ўз ҳаққи бор. Бу ҳуқуқлар дин ва миллат танламайди. Ислом мусулмон киши учун ҳар бир инсонни ҳаққини адо қилишга буюради. Унга нисбатан гўзал муомалада бўлишга чақиради. Бу беҳикмат эмас, албатта.
Бундай муомаланинг ҳикмати ва фойдаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ҳаётини ўқиган киши яхши билади. Ўша пайтда жудаям кўп аҳли китобларнинг Исломга киришига айнан бағрикенглик, уларга нисбатан қилинган гўзал муомала, адолатли қарорлар сабаб бўлган.
Бугун биз яшаётган диёр ҳам турли дин, турли туман миллат вакилларидан ташкил топган. Бу жамиятда яшаётган ҳар бир мусулмон уларга нисбатан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар тутган йўлни тутмоғи лозим. Уламолар айтадилар: “Китобия аёл билан бир том остида яшашни ман қилмаган Ислом, ўзга дин вакили билан бир осмон остида яшашга монелик қилиши мумкин эмас”.
Афсуски, баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшироқ бўлмаган кишилар, мадиналик яҳудийлардан кўра ёмонроқ бўлмаган бошқа дин вакилларига қўпол муносабатда бўлишлари билан Пайғамбаримиз асос солган “Диний бағрикенглик” қонунини бузмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуриб кетган тинчлик, бирдамлик, меҳр-оқибат биносининг ғиштларини битта-битта кўчирмоқдалар.
У зот ёпиб ташлаган, уни очмасликни қаттиқ тайинлаганлари фитналар, фасодлар, низолар ҳамда адоват эшикларини бирма-бир очмоқдалар. Уларнинг бу қилмишлари оқибатида мусаффо Ислом динига ҳар хил таъна ва туҳмат тошлари отилмоқда. Бундай ҳаракатдан жудаям эҳтиёт бўлмоқ керак. Бу йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқлик манфаатлидир.
Чунки Раббимиз бизлар учун: «(Эй мўминлар!) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунида умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (иймон эътиқоди ва ҳулқ атвори)да гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят), деб марҳамат қилган.
Мухтасар айтганда, ёшлар таълим-тарбияси жараёнида уларга Ўзбекистон бағрикенг ва кўпмиллатли давлат эканини, юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзларини асло бегона ҳисобламаслигини тушунтириш керак. Шундагина ҳурматли юртбошимиз БМТнинг юксак минбарида туриб таъкидлаган “Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир” сўзларини амалда қўллаган бўламиз.
Абдуқаҳҳор домла Юнусов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби