Пойтахтимизда Халқаро Вестминстер университети, Ўзбекистондаги БМТ ваколатхонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида "TIMUN-2025" (Tashkent International Model United Nations) халқаро конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда БМТнинг фаолиятини моделлаштириш орқали долзарб халқаро масалаларни муҳокама қилиш учун юртимиз ва хорижий давлатлардан 400 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Маълумки, TIMUN - бу ёшларнинг дипломатия, халқаро муносабатлар ва конструктив мулоқот муҳитига кириши учун ноёб имкониятга эга бўлган платформа ҳисобланади.
[gallery-23529]
Конференция доирасида иштирокчилар кенг кўламли долзарб халқаро мавзуларни, жумладан, превентив дипломатия контекстида тинчлик ва хавфсизлик, сунъий интеллектни жорий этиш ва ёшлар бандлиги ўртасидаги мутаносиблик, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларида яшил энергетика ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар глобал миқёсда ечимлар қабул қилиш жараёнларида ёшларнинг муҳим ролини таъкидлаб, TIMUN халқаро ҳамкорлик кўникмаларини амалда ривожлантириш учун тўлақонли платформага айланганини қайд этдилар.
Конференция ёш дипломатлар ва ўз мамлакатлари ҳамда ҳамжамиятларини халқаро майдонда кўрсата олишда муносиб вакиллик қилишга тайёр етакчиларнинг янги авлодини шакллантириш учун бошланғич нуқта бўла олади.
Гулноза Бобоева,
Рустам Назарматов(сурат),
ЎзА