Тилла ювиш ва сотиш билан шуғулланган шахслар фаолияти фош бўлди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Шофиркон тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан жорий йил 23 февраль куни туманнинг Денов, Паттахон, Навбаҳор ва Қайрағоч маҳаллаларида таркибида олтин зарралари бўлган қумларни ноқонуний тарзда қўшни Навоий вилоятидан олиб келиб ювиб олиш билан шуғулланиб келаётган 20 нафардан ортиқ фуқароларнинг яшаш хонадонлари ва ёрдамчи хўжаликларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тезкор тадбирда ушбу маҳаллаларнинг 12 нафар фуқаролари олтин зарралари бор қумларни олиб келиб ювиш, сотиш фаолияти билан ноқонуний тарзда шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Натижада ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Жумладан, 9 та қум зарраларини ювишга мўлжалланган темир идиш, 7 та электр двигатель, 7 та қум тегирмони, 7 та қозон, 4 та тилла зарраларини эритишга мўлжалланган сопол идиш, 1 та тиллага ўхшаш металл бўлаги, 18 та турли узунликдаги швеллерлар, 7 та қум тегирмони эҳтиёт қисми, 7 та тилла зарраларни ювиб олиш гиламлари, 12 та тош майдалагич, 4 та ванна, 4 дона қўлбола аёллар тилла узуги, 2 дона қўлбола аёллар тилла занжири, 1 дона қўлбола аёллар тилла зираги, 10 миллион 700 минг сўм нақд пуллар, 9 та елим идишлар тегишли тартибда холислар иштирокида олиб қўйилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, олинган ашёвий далиллар Шофиркон тумани “Комета” МЧЖга топширилган. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиб келаётганлиги аниқланган ушбу шахсларга нисбатан Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА