Бугунги замон – чегаралар кўринмас, маълумот бир сонияда қитъаларни айланадиган, билимлар тез эскирадиган, янги имкониятлар эса хорижий тиллар эшиги орқали очиладиган давр ҳисобланади. Миллат тараққиёти, давлат рақобатбардошлиги ва жамиятнинг интеллектуал қудрати эндиликда фақат ички ресурслар билан эмас, балки жаҳон майдонида тўғридан-тўғри иштирок этиш қобилияти билан белгиланмоқда. Шунинг учун ҳам чет тилларини, айниқса инглиз тилини билиш қўшимча кўникма эмас, балки XXI асрдаги асосий “имкониятлар калити”га айланиб улгурди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда мазкур соҳанинг давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланаётгани бежиз эмас. Президент ташаббуслари орқали мактабдан тортиб олий таълимгача, давлат хизматидан тортиб хусусий секторгача тил ўрганиш ва ўқитиш жараёни бутунлай янгича босқичга кўтарилди. Бу жараён нафақат таълим соҳасини, балки мамлакатнинг глобал интеграциясини ҳам жадаллаштириб, келажак авлод учун катта имкониятлар очиб бермоқда.
“Тил билган – эл билади”ми?
Ўзбекистонда кейинги бир неча йил ичида тил ўрганиш оммавий ҳаракатга айланди. Бу соҳадаги энг катта ўзгариш хорижий тилларни ўрганишга бўлган ижтимоий талабнинг кескин ошганидир.
“Тил билган – эл билади” деган ғоя халқ орасида янги маънода янграмоқда: тил фақат таржимонлик учун эмас, балки глобал майдонда ўз сўзини айта олиш, таълим, илмий изланиш, технология, бизнес ва маданиятлар алмашинувида иштирок этиш имконияти сифатида қабул қилинмоқда.
Сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар чет тилларини ўқитишни бутунлай янги тизимга айлантирди. Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат инглиз тили, балки бошқа хорижий тилларни ўрганиш кенг қўллаб-қувватланмоқда:
- хорижий тил бўйича А2 ва ундан юқори сертификати бўлган мактаб битирувчилари техникум, коллеж ва лицейларга ўқишга киришда чет тили фани бўйича тестдан озод қилинади ва максимал балл берилади.
- “Ёшлар дафтари”га киритилган хорижий тил ўрганмоқчи бўлган ёшларга 6 ойгача курсга қатнаши ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача пул берилади.
- хорижий тиллар бўйича камида С1 сертификатини олган 30 ёшгача бўлган ёшларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади.
- хорижий тиллар бўйича B2 ёки ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар тестдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.
- таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига ҳар ойлик 50 фоиз қўшимча устама тўланади. Камида С1 сертификатини олган ўқитувчиларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади ва улар аттестациядан озод қилинади.
- миллий ва халқаро сертификатга эга давлат хизматчилари лавозим маошига 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.
- оммавий ахборот воситаларида камида 1 йил асосий иши сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимлари хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори натижани олса уларга икки турдаги имтиёз: хорижий тилни ўрганиш харажатлари учун БҲМнинг 15 бараваригача пул берилади ва имтиҳон топшириш учун тўланган пуллар тўлиқ қоплаб берилади.
- қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача маҳаллий бюджетдан бир марталик субсидия берилади.
Бугунги кунга қадар халқаро имтиҳон тизимларидан юқори балл тўплаган ёшларга 80 млрд 42 млн сўм маблағ ажратиш орқали 42 779 нафар ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилган. Албатта, бу каби яратилган имкониятлар ва берилган имтиёзлар ўз натижасини бермай қолмайди.
Хусусан, 2024-йилда биргина IELTS имтиҳонидан 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 2020-йилга нисбатан 5 бараварга, 7–8 балл (C1 даража)ни қўлга киритганлар 7,4 бараварга, 8,5–9 балл (C2 даража) га эришганлар эса 23,7 бараварга ошганлиги кузатилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш шунчаки таълим соҳасидаги ислоҳот эмас, балки жамият миқёсидаги катта ижтимоий ҳаракатга айланди. Тил ўрганишга бўлган талабнинг кескин ўсиши мамлакатнинг глобал майдонга чиқиш истаги ва янги авлоднинг дунё билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга бўлган интилиши билан уйғунлашди.
Давлат томонидан жорий этилган кенг қамровли имтиёзлар тилни миллий ривожланишнинг стратегик драйвери сифатида кўрилаётганини намоён қилади.
Бу чоралар натижасида тил ўрганиш фақат шахсий ривожланиш эмас, балки иқтисодий фойда, таълимга йўл, касбий ўсиш ва глобал рақобатда ишончли пойдеворга айланди.
Дунё иқтисодиёти, айниқса рақамли иқтисод, аутсорсинг хизматлари, ИТ, илмий-тадқиқот, стартаплар, халқаро бизнес муносабатларида хорижий тилларни айниқса инглиз тилини билишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистоннинг 2030-йилгача бўлган стратегик йўналишларида ташқи бозорларга чиқиш, инвестиция ва технология жалб этиш, халқаро кооперацияни кучайтириш каби вазифалар бор. Бу вазифаларни амалга ошириш учун:
- чет эл манбалари билан бевосита ишлайдиган мутахассислар,
- халқаро тадқиқотларда иштирок эта оладиган олимлар,
- дунё бозорига чиқишни мақсад қилган тадбиркорлар,
- глобал муомаладан қўрқмайдиган ёшларга эҳтиёж бор. Бунинг асосий шарти эса чет тилларини эгаллаш ҳисобланади.
Замонавий дунёда хорижий тиллар хорижий манбалар ва ахборотларга тўғридан-тўғри кириш имконини берадиган ва маълумотлар эшигини очадиган “калит” сифатида тарифланмоқда.
Илмий мақолаларнинг 80 фоизи инглиз тилида эълон қилинади. Инновация, фан ва техника соҳасидаги глобал билимлар асосан инглиз тилида тарқалади. Тошкентда ўтирган ва инглиз тилини ўзлаштирган бир талаба MIT, Harvard, Oxford, Seoul National University ёки Tokyo University’нинг очиқ дарсларидан бевосита фойдалана олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Тил билиш талаба ва олимни таржималарга боғлиқликдан халос қилади ва мустақил фикрлаш маданиятини мустаҳкамлайди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда чет тилларини ўрганишни янада чуқурроқ тарғиб қилиш, ёшларни қўллаб-қуватлаш ва мавжуд имкониятлар базасини кучайтириш мақсада қуйидагилар таклиф этилади:
1. Мактабларнинг методик базасини янада кучайтириб бориш. Бунда, замонавий аудиовизуал ресурсларни доимий равишда янгилаш, ўқитувчилар учун халқаро тренингларни мунтазам ташкил этиш ҳамда ҳар бир мактабда мультимедиа шароитларини жорий этиш;
2. Халқаро имтиҳон марказларини кенгайтириш, яъни чет тилларни ўзлаштиришда имтиҳон тизимининг шаффоф ва оммабоплиги муҳим ҳамиятга эга ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан барча ҳудудларда IELTS, TOEFL ва CEFR марказларини кўпайтиришга эътибор қаратиш;
3. Таълимда билиш эмас, қўллаш маданиятини кучайтириш. Бунда, фанлар бўйича инглиз тилида семинарлар, халқаро онлайн курслар билан интеграция қилинадиган дарслар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун минимал тил талабларини босқичма-босқич ошириб бориш;
4. Ёшларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини кучайтириш. Бунда халқаро танловлар, дебатлар, олимпиадаларда ёшларнинг иштирокни қўллаб-қувватлаш, тил ўрганувчи ёшлар учун грантларни кўпайтириш тавсия этилади.
Ўзбекистонда чет тилларини, айниқса инглиз тилини ўрганиш жараёни сўнгги йилларда миллий ривожланишнинг асосий стратегик йўналишларидан бирига айланди.
Статистик маълумотлар ҳам ушбу сиёсатнинг амалий самарасини ёрқин намоён қилмоқда: IELTSда юқори натижа кўрсатган ёшлар сони 3–4 йил ичида бир неча бараварга ошди, айниқса C1 ва C2 даражалар бўйича кўрсаткичлар кескин ўсди. Бу эса мамлакатда тил ўрганиш маданияти чуқурлашиб, янги авлоднинг глобал рақобатга тайёрлик даражаси ортиб бораётганини англатади.
Ҳозирги замонда хорижий тиллар билимга, технологияга, фанга, инновацияга олиб борувчи асосий кўприк вазифасини бажармоқда. Илмий тадқиқотлар, стартап экотизими, рақамли хизматлар, халқаро бизнес ва рақобатчилик муҳити – барчаси тил билишни зарурат даражасига кўтарди. Мана шу шароитда Ўзбекистоннинг чет тилларини ўрганиш бўйича қабул қилган давлат сиёсати мамлакатнинг 2030-йилгача белгиланган стратегик мақсадлари билан тўлиқ уйғун ҳолда ривожланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, чет тилларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг интеллектуал ривожи, глобал бозорга чиқиш имкониятлари, инновацион иқтисодиёт ва кадрлар салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Лобар Буранова,
Тошкент шаҳридаги 50-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси