Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тизимни ҳалол ва очиқ бошқариш, коррупцияга қарши таъсирчан чораларни кучайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлик мазкур соҳада ҳалоллик ва адолат устувор бўлиши долзарб аҳамиятга эга.
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан ўтказилаётган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Соғлиқни сақлаш тизимини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш – устувор вазифамиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Султонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

Елена Борисова, Ойдин Абдуллаева ва Гулнорахон Абдувоҳидова, шунингдек, тиббиёт соҳаси вакиллари, партия фаоллари, ҳуқуқшунослар иштирок этди.
Депутатлар коррупциянинг олдини олиш, тиббиёт соҳасини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасидаги амалий ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасини коррупциядан холи соҳага айлантириш учун самарали механизмлар ишлаб чиқиш, тиббиёт муассасаларида шаффофликни ошириш, давлат харидларида очиқликни таъминлаш, соҳа ходимларининг ҳуқуқий онги ва масъулиятини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
“Коррупциясиз соҳа”ни барпо этишда жамоатчилик назорати, ОАВ билан ҳамкорлик, жамоатчилик фикри ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

М.Комилова, ЎзА