Мамлакатимизда инсон саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилишга бағишланган иш энг масъулиятли ва шарафли ҳисобланади. Шу боис, давлат сиёсатида тиббиёт ходимларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уларга яратилган меҳнат шароитлари ва ижтимоий имтиёзлар фақат моддий рағбат эмас, балки жамиятда соҳа нуфузини ошириш, фидойи шифокорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ислоҳотдир.
Қонунчиликда тиббиёт ходимларига берилаётган имтиёзлар нафақат уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиради, балки мамлакатда тиббиёт тизимини барқарор ривожлантиришнинг ҳуқуқий пойдевори сифатида хизмат қилади.
Эндиликда, тиббиёт ходимлари учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги белгиланган.
Шифокорнинг иш фаолияти нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам катта масъулият ва диққатни талаб этади. Қисқартирилган иш вақти эса уларнинг иш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Қонунга кўра, юқори малакали тиббиёт ходимларига лавозим маошининг 100 фоизигача устама тўланади.
Салоҳиятли ёш шифокорларга эса 1 миллион сўмгача устамалар тўланади. Даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритувчи ва илмий даражага эга тиббиёт ходимларига лавозим маошининг 60 фоизигача ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.
Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари ва чекка ҳудудларда фаолият юритувчи шифокорларга лавозим маошига 200 фоизгача ҳар ойлик устама тўланади. Бу эса, нафақат соҳа ходимларини рағбатлантириш, балки мамлакат бўйлаб тиббий хизмат сифатини тенглаштиришга қаратилган.
Қонунга кўра, олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади. Бу имтиёз тиббиёт ходимларини мамлакатнинг барча ҳудудларида хизмат қилишга рағбатлантиради ва уларнинг малакасини оширишга кенг имконият яратади.
Бугун тиббиёт ходимлари нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг асосий таянчи, балки давлат ва жамият ишончининг рамзига айланмоқда. Улар учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар ва рағбатлантириш соҳа нуфузини ошириш, кадрларнинг малакасини мустаҳкамлаш ва келгуси авлод шифокорларига муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА