Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини адолатли баҳолашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, рақамли технологияларни жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларини татбиқ этиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу мақсадда Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги қарори асосида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилди ва соҳада мутлақо янги, электрон тизимга асосланган баҳолаш механизми йўлга қўйилди. Рақамли ечимларга таянган ҳолда кадрлар салоҳиятини холис, шаффоф ва замонавий мезонлар асосида баҳолашга қаратилган мутлақо янги тизимни жорий этиш асосий мақсад этиб белгиланган.
– Янги тизимга кўра, дастлаб тиббиёт ходимларининг малака тоифаси бериш бўйича йиғмажилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилиниб, электрон шаклга ўтилди, – дейди мутахассис Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази директори Санжар Шарипов. – Ҳужжатларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқилишини тўғридан тўғри кузатиб бориш тартиби жорий этилди. Шунингдек, имтиҳон жараёнларининг онлайн трансляцияси, аудио ва видео кузатув назорати таъминланди. “Тиббий малака ахборот тизими” (tibtoifa.ssv.uz) ишлаб чиқилди. Номенклатурадаги барча мутахассисликлар бўйича тест ва амалий синовларга тегишли табақалаштирилган саволлар базаси (ўзбек ва рус тилида) яратилди. Улар ССВ ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази расмий веб сайтига жойлаштирилди. Имтиҳонлар онлайн шаклга ўтказилди. Онлайн тартибдаги имтиҳон саволлари “Random” дастури орқали танланиши ва натижалар ўша заҳоти эълон қилиниши инсон омили аралашувини минималлаштирди. Малака тоифаси тўғрисидаги электрон сертификатлар базаси яратилди. Бошқача айтганда, малака тоифаси берилганини тасдиқловчи қоғоз шаклидаги сертификатлардан воз кечилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, натижада малака тоифасини бериш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати 14 тадан 11 тага қисқарди. Бунда қолган ҳужжатлар идоралараро ўзаро ахборот алмашинуви интеграцияси натижасида автоматик равишда олинмоқда. Тиббиёт ходимларининг ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш учун вақт ҳамда маблағ сарфлаб пойтахтга келишига бутунлай барҳам берилди. Ойлик маошга устама автоматик қўшилади.
Шунингдек, 2025 йилда Президентнинг тегишли фармон ва қарорларига асосан тажриба-синов лойиҳаси доирасида 15 та туман (шаҳар)да малака ошириш курсини тугатган ҳамда белгиланган тартибда имтиҳондан ўтиб, сертификат олган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси раҳбари ва тиббиёт бригадаси ходимлари учун ойлик маошига 100 фоизгача қўшимча устама бериш амалиёти йўлга қўйилди.
Тажриба-синов тариқасида жорий қилинган туман (шаҳар)ларнинг раҳбар ва тиббиёт бригадаси ходимлари учун қўшимча устама олиш имконини берувчи ҳамда малака тоифаси берилганини тасдиқловчи электрон сертификатлар базаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг UzASBO-2 ахборот тизими билан интеграция қилинди.
Натижада тиббиёт ходимининг ойлик маошига устама автоматик тарзда қўшиладиган бўлди. Бу эса тиббиёт ходимининг кадрлар нозирига учраб, устама тўлаш тўғрисида буйруқ чиқаришини сўраш каби инсон омили аралашадиган ҳолатларнинг олдини олмоқда.
Яна бир муҳим янгилик: клиник ординатура (резидентура) ва интернатурага ҳужжат қабул қилиш ва имтиҳон топшириш ҳам тўлиқ рақамлаштирилди. Яъни бу жараён medtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали FaceID тизимидан ўтган ҳолда ташкил этилди.
Клиник ординатура ва интернатурага қабул жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирилиши тиббий таълимда очиқлик ва адолатни таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир. Ҳужжат топшириш ва имтиҳонларнинг medtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали, FaceID асосида амалга оширилиши шахсни аниқ идентификация қилишни кафолатлаб, сохталик ва инсон омили билан боғлиқ хавфларни бартараф этади. Бу янгилик қабул жараёнида шаффофликни ошириш, барча номзодлар учун тенг шароит яратиш ҳамда вақт ва маблағни тежаш имконини беради.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда 86 та туман (шаҳарда)ги 117 минг нафарга яқин тиббиёт ходими компьютер саводхонлиги ва DMEDдан фойдаланиш бўйича ўқитилган, имтиҳондан ўтказилган ва сертификат берилган. 2026 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қолган туман (шаҳар)лардаги тиббиёт ходимларини ушбу йўналишларда ўқитиш, имтиҳондан ўтказиш ва сертификат бериш режалаштирилган.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолашда рақамли ечимларни жорий этиш соҳада очиқлик, холислик ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилаётир. Электрон ҳужжат айланмаси, онлайн имтиҳонлар, автоматик устама тўлаш ва электрон сертификатлар тизими орқали ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилиб, инсон омили таъсири кескин камайди. Шунингдек, малака ошириш ва имтиҳон жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирилиши тиббиёт ходимларининг касбий ривожланишига янги имкониятлар яратмоқда. Бу ислоҳотлар келгусида соғлиқни сақлаш тизимида сифатли хизмат кўрсатиш ва малакали кадрлар салоҳиятини янада оширишга мустаҳкам замин яратади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА