Айни кунларда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида “Синтетик наркотикларнинг ноқонуний айланмасидаги янги тенденциялар” мавзусида халқаро малака ошириш курси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли тренинг Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (ILEA Budapest) ва АҚШ Наркотик моддаларга қарши кураш агентлиги (DEA) ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон делегацияси таркибида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси Синов маркази мутахассислари ҳам иштирок этаётир.
Тренинг доирасида синтетик наркотиклар, уларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва “даркнет” орқали савдо механизмлари, ноқонуний лабораториялар фаолияти ва трансмиллий наркоташкилотлар тармоғи, кибер-валюталар, халқаро қонунчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича илғор тажриба алмашиш ва амалий ечимлар муҳокама қилиняпти.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари ва 30 га яқин Ўзбекистон компаниялари вакилларидан иборат делегация Эрон –Ўзбекистон бизнес форуми ва "Pharmex" халқаро кўргазмасида иштирок этди.
Кўргазмада фармацевтика, био-ўсимликлар, тиббий воситалар ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги энг янги инновациялар, маҳсулотлар ва хизматлар намойиш этилди.
Юртимиз вакиллари сафар давомида самарали алоқалар ўрнатиш, янги технологиялар ва маҳсулотларни тадқиқ қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Делегация вакиллари "Shahid Beheshti" номидаги университетда бўлиб, у ерда доривор ўсимликлардан турли хил лаборатория усулларида асосий таъсир қилувчи моддалар ажратиб олиш ишлари билан танишди. Келгусида шу соҳада ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
шунингдек, Эроннинг йирик "Razak Laboratories Co" ва "Iran Darouk" корхоналарида бўлган делегация вакиллари ишлаб чиқариш шароитлари, инновацион ечимлар, янги технологик ёндашувлар билан танишди ва ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама қилинди.
***
“Turk Ilac” МЧЖ корхонасига "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери иштирокчиси гувоҳномаси тақдим қилинди.
Гап шундаки, “Turk Ilac” МЧЖ корхонаси "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида янги лойиҳа доирасида инъекциялар ишлаб чиқариш ва 200 нафардан ортиқ янги иш ўринларини яратишни режалаштирган. Йиллик иш қуввати 80 млн. дона фармацевтик инъекциялар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Маълумот учун, “Turk Ilac” МЧЖ таъсисчиси "Turk Ilac ve Serum Sanayi A.S." компанияси бўлиб, 2010 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи майдони 80 минг метр квадратни ташкил қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА