Пойтахтимизда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент фармацевтика институти, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, техник тартибга солиш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган стратегик вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Якунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва техник тартибга солиш сиёсатининг узвий уйғунлигини таъминлаш, давлат ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни тизимли асосда кенгайтиришга келишиб олинди.
***
Эроннинг фармацевтика индустрияси билан танишиш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари ва 30 га яқин Ўзбекистон компания вакилларидан иборат делегация билан Теҳрон шаҳрида бўлиб турибти. Делегация вакиллари фармацевтика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инновациялар учун янги имкониятларни ишлаб чиқишда тажриба алмашишни мақсад қилган.
Делегациянинг асосий учрашувларидан бири Эроннинг йирик фармацевтика компаниялари қаторига кирувчи TPICO (Tehran Pharmaceutical Industry Company) билан бўлиб ўтди. Учрашувда агентлик ва TPICO ўртасида фармацевтика соҳасидаги муаммолар, иновациялар ва бозор трендлари ҳақида суҳбатлар олиб борилди.
TPICO компанияси ўзининг замонавий илмий тадқиқотлари, ишлаб чиқариш жараёнлари ва юқори аниқликдаги маҳсулотларини тақдим этди. Бу эса фармацевтика тармоғи учун муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида томонлар ўзаро алоқаларни ривожлантириш, ёшлар учун таълим дастурларини ташкил этиш, илмий тадқиқотларда тажриба алмашиш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида ўз фикрларини билдирди ҳамда ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов раҳбарлигида Наманган вилоятида ташкил этилган йиғилишда ҳудуддаги рақамлаштириш ҳолати тизим мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, компьютер техникалари билан таъминланганлик ҳолати Республика бўйича 65 фоизга етгани ҳолда, Наманган вилоятида 39 фоизни ташкил этган. Бу борадаги энг паст кўрсаткич Чуст тумани ҳиссасига тўғри келади, яъни жами 123 та компьютер мавжуд бўлиб, эҳтиёжнинг бор-йўғи 19 фоизи қопланган. Попда 23, Уйчи, Норин, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида эса 29 фоизга таъминланган.
Қайд этилганидек, вилоятда тиббиёт муассасаларини локал тармоқларга улаш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас.
Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўплаб муассасаларда DMED тизими жорий қилинган, аммо ундан фойдаланиш кўрсаткичи паст даражада. Шу боис айрим шифокорларнинг бу тизимдан умуман хабари йўқ. Учқўрғон ТТБга қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида беморлар тизимда “навбат” статусида қолиб кетган бўлса, Мингбулоқ ТТБда аҳолини тизимга биркитиш ишлари якунига етказилмаган, омборхона ва лаборатория модуллари умуман йўлга қўйилмаган. Уйчи ТТБнинг кўп тармоқли марказий поликлиникасида эса тизим жорий қилинган, лекин IT ҳамшира томонидан ундан фойдаланиш ҳолати мониторинг қилинмаган.
Албатта, бу ҳолатлар кўрсаткичларда ҳам акс этмоқда. Яъни вилоят бўйича шифокорлар томонидан 75 мингта бемор кўриклари DMED тизимига киритилмасдан қолган.
Бугун вилоятда пуллик хизмат кўрсатувчи 57 та тиббиёт муассасаси бўлиб, шундан атиги 11 таси DMED тизими касса модулидан фойдаланиб келаётгани ҳам ташвишлидир.
Йиғилишда ходимларни ишга қабул қилиш жараёнида коррупциявий ҳолатлар сақланиб қолаётгани танқид қилинди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Хитойнинг “Future Smile Charitable Foundation” фонди расмий вакили Шан Ли хонимни қабул қилди.
Учрашувда болалар урологияси соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий жарроҳлик амалиётларини қўшма тарзда ташкил этиш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ҳам болалар урологияси соҳасида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини жорий этиш ва бу йўналишда ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
***
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталидаги Санэпидқўмнинг расмий веб-сайтида ҳамда Санитария ва гигиена соҳасидаги тадбиркорлик субектлари риоя этиши шарт бўлган мажбурий талаблар ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот олиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга таклиф, эътирозларини билдириш имконини берувчи саҳифа ва савол-жавоб чати, https://muloqot.sanepid.uz/ электрон платформаси ишга туширилди.
Шу билан бирга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида “1354” қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда @Sanepidmurojaatbotга тадбиркорлар мурожаат йўллашлари мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА