Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов “Oncowell” МЧЖ корхонасига "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери иштирокчиси гувоҳномасини тақдим қилди.
"Oncowell" корхонаси "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида янги лойиҳа доирасида онкологик дориларни ишлаб чиқариш ва 120 нафардан ортиқ янги иш ўринларини яратишни режалаштирган. Режага кўра, бир йилда 170 млн. дона дори-воситалар ишлаб чиқарилади.
"Oncowell" корхонаси таъсисчиси "Vivalia Remedies" компанияси онкологик дориларни етказиб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда.
***
Миллий тиббиёт марказининг малакали аритмологлар жамоаси томонидан ўтган ҳафта давомида юрак ритм касалликларини даволаш бўйича бир қатор муҳим амалиётлар муваффақиятли ўтказилди. Жумладан, 2 та икки камерали электрокардиостимулятор имплантацияси,1 та идеопатик қоринчалар экстрасистолиясида РЧА амалиёти, 4 та суправентрикуляр пароксизмал тахикардияда радиочастотали аблация.
Ушбу жарроҳлик амалиётлари юрак ритми бузилган беморларнинг соғлиғини яхшилаш ва уларнинг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
***
Тошкент тиббиёт академиясига бириктирилган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини қўллаб қувватлаш давом этмоқда.
Жумаладан, навбатдаги маҳорат дарси Клиник моделлаштириш кафедраси доценти Ш.Гулямова ва ассистенти З.Салимова томонидан “Болаларда ва катталарда объектив ва субъектив кўрик. Шошилинч холатларда тиббий ёрдам кўрсатишни шакллантириш” мавзусида ўтказилди.
Мастер-класс давомида техникум ўқитувчилари махсус “ТюторМЕН” тизими ёрдамида амалий кўникмаларни ўзлаштириш ва баҳолаш, симулятор-тренажёр ёрдамида юрак ва ўпка аускултациясини бажариш техникасини такомиллаштириш ва турли хил касалликларга тахминий ташхис қўйишни ўрганиш бўйича керакли маслаҳатларни олди.
"ТюторМЕН" тизими амалий тиббий кўникмаларни ўргатиш ва амалиётда қўллаш, шунингдек, тиббиёт мутахассисларининг малакаси ва аккредитациясини баҳолаш учун ишлатилади. Тизим зарур тиббий кўникмаларни ўзлаштириш, намуналар олиш ва инсоннинг турли ҳолатини таҳлил қилиш усулларини амалий ўрганиш бўйича мустақил жараённи амалга оширишда ёрдам беради.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА