Ўзбекистон тиббиётида янги саҳифа очилди. Гап шундаки, яқиндагина фаолиятини бошлаган Миллий тиббиёт марказида 40 та буйрак ва 9 та жигар трансплантацияси амалиёти муваффақиятли бажарилди. Бу, 50 га яқин оиланинг ҳаётига қувонч улашилгани, замонавий трансплантология соҳасида мақташга арзигулик ютуқлар қўлга киритилганини англатади.
Жигар ва буйрак трансплантацияси тиббиётдаги энг мураккаб амалиётлардан ҳисобланади. Ушбу жараённинг муваффақияти юқори малакали мутахассислар, замонавий ускуналар ва сифатли донорлик материалларига боғлиқ. Миллий тиббиёт маркази бу талабларнинг барчасини тўлиқ таъминлаб, замонавий усуллардан самарали фойдаланмоқда.
Бундай амалиётлар нафақат беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, балки уларнинг турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Марказ трансплантология йўналишида тадқиқот ишларини ҳам олиб бориб, соҳани янада ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Келгусида Марказда трансплантация операциялари сонини кўпайтириш ва уларнинг сифатини халқаро стандартларга мос равишда янада ошириш режалаштирилган. Ушбу ютуқлар мамлакатимиз тиббиётининг янги босқичга кўтарилганини намоён этмоқда.
***
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги тегишли қарори билан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган ўзгартиришга кўра, сибутрамин, шунингдек, ўхшаш психоактив таъсирга эга бўлган унинг структуравий аналоглари алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар ҳисобланади.
Улар 2025 йил 1 январдан фақат гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали улгуржи ва чакана реализация қилинади.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигидаги делегация вакиллари Молдовага ташриф давомида мамлакатнинг йирик фармацевтика компанияларидан бири – “Dita Estfarm” фаолияти билан яқиндан танишди.
“Dita Estfarm” 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг импорти, тарқатилиши ва улгуржи савдоси билан шуғулланади. Компания фаолияти халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилган бўлиб, маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Ташриф давомида “Dita Estfarm”нинг замонавий дистрибьюторлик тармоқлари, сифат назорати тизими ва логистика жараёнлари билан танишилди. Шунингдек, компаниянинг халқаро ҳамкорлик тажрибаси, фармацевтика маҳсулотларини Молдова ҳудудидаги дорихоналар ва тиббий муассасаларга етказиб бериш бўйича назорати ишлари ҳақида маълумотга эга бўлди.
***
Аҳолига сифатли, малакали, замонавий тиббий хизмат кўрсатиб келаётган Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика марказида маслаҳат ва тиббий текширув нархлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан белгилаб берилган меъёрдан ошмайди. Муҳитми, муассасадаги замонавий лабораторияларда топширилган тиббий таҳлил натижаларини шу куннинг ўзидаёқ олиш мумкин. Марказда юқори илмий салоҳиятга эга тиббиёт фанлари докторлари, тиббиёт фанлари номзодлари ва олий тоифали шифокорлардан иборат 45 нафар малакали тиббий ходим фаолият юритмоқда.
Айни пайтда беморларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда марказга янги йўналишлар бўйича малакали шифокорлар ва анализатор қурилмалари олиб келиняпти. Диагностика марказида биргина қон таҳлилидан бир неча текширувларни ўтказиш имкони мавжуд. Хусусан, гематологик, биокимёвий таҳлиллар, иммунофермент текширувлари мавжуд.
Мазкур технологиялар ёрдамида қисқа вақт ичида кўплаб биологик намуналарда текширувлар ўтказиш мумкин. Замон талабларига жавоб берадиган бактериологик лабораторияда касаллик қўзғатувчиларнинг турлари ва уларнинг антибиотикларга сезгирлиги аниқланади.
Европа ва Осиёнинг ривожланган давлатларидан келтирилган қурилмалар текширувларни инсон омили иштирокисиз, автоматик шаклда олиб боришга, натижаларнинг аниқ ва тезкор равишда чиқишига замин яратади. Марказда, шунингдек Германиянинг “Siеmens” компанияси томонидан ишлаб чиқилган мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) ёрдамида юқори аниқликдаги текширувлар ҳам йўлга қўйилган.
МСКТ хулосаси рентген, ультратовуш ва баъзи ҳолларда магнит-резонанс томография усулларидан кейин ички аъзоларни, скелет тизими ўзгаришларини, бош ва умуртқа поғонаси шикастланишларини визуализация қилишнинг қўшимча усули сифатида қўлланилади. Бу хулосалар беморларга аниқ ташхис қўйишда катта ёрдам беради.
Ультратовуш текширув усуллари ва эндоскопик текширувлар замонавий тиббий жиҳозларда малакали шифокорлар томонидан ўтказилади. Диагностика марказида рўйхатга олиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Бу эса беморларнинг узундан узоқ навбатда туриш ёки ортиқча қоғозбозликлар учун вақт сарфлашининг олдини олади.
***
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий лаборатория хизмати самарадорлиги ва сифатини янада ошириш мақсадида янги тажриба йўлга қўйилмоқда.
Унга кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида лаборатория хизматларини кўрсатувчи марказлашган лабораториялар ташкил этилади. Тажриба-синов тариқасида Нукус шаҳри, Боёвут ва Яшнобод туманлари танлаб олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА