Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти таълим сифати, илмий изланишлар ва халқаро ҳамкорлик борасидаги ислоҳотлари билан нафақат мамлакат, балки халқаро миқёсда ҳам ўз нуфузини мустаҳкамлаб бормоқда.
Яқинда институтнинг Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли ташкилотлардан бири – ECFMG (Educational Commission for Foreign Medical Graduates) рўйхатидан ўтиши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
ECFMG – АҚШда амалиёт ўташ ёки тиббий резидентура дастурларида иштирок этишни истаган хорижий шифокорлар учун тан олинган ташкилот ҳисобланади. У халқаро тиббиёт битирувчиларининг билим ва малакасини баҳолайди, USMLE (United States Medical Licensing Examination) – Америка тиббий лицензиялаш имтиҳонларида қатнашиш ҳуқуқини беради.
Бу рўйхатга киритилишнинг институт талабалари учун аҳамияти беқиёс. Энди институт битирувчилари АҚШда тиббий амалиёт ўташ, резидентура дастурларига ариза топшириш, таълим ва иш фаолиятини халқаро майдонда давом эттириш имкониятига эга бўлди. Шубҳасиз, бу нафақат талабаларнинг шахсий муваффақияти, балки институтнинг глобал мақомини белгилайдиган муҳим кўрсаткичдир.
Шу жиҳатдан олиб қаралганда, Бухоро давлат тиббиёт институтининг ECFMG рўйхатига киритилиши нафақат битирувчилар учун, балки бутун таълим жамоаси учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Бу щз навбатида институтнинг халқаро майдондаги мавқейини янада мустаҳкамлаб, мамлакатимиз тиббиёт таълим тизимининг жаҳон андозаларига мослашуви йўлидаги муҳим қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.