Қибрай туманида “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилоятида тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган соҳа ходимлари, тажрибали шифокорлар, тизим масъуллари, фахрийлар иштирок этди.
Тадбир очилишида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, барча тиббиёт ходимларини табриклади. Сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги соғлиқни сақлаш тизимида фидойилик ва шижоат кўрсатиб меҳнат қилаётган, инсон саломатлигини асраб-авайлашга бутун ҳаётини бағишлаган барча тиббиёт ходимларига халқимизнинг юксак ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлди.


– Дарҳақиқат, кейинги йиллар мамлакатимизда тиббиёт тизими ривожи ҳам мутлақо янги сифат босқичига кўтарилди. Кейинги қисқа фурсатда Тошкент вилояти тиббиёт тизимида ҳам салмоқли ўзгаришлар бўлди. Жойларда 12 та оилавий поликлиника ва 28 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилди. Бу орқали 400 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат янада яқинлаштирилди. 5 та туманлараро перинатал марказ ва 4 та “Қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари” фойдаланишга топширилди. Бу чекка ҳудудларда ҳам юқори малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини яратди. Қолаверса, янги гематология ва туғруқ комплекслари ишга туширилди, хусусий тиббиёт муассасалари орқали стационар даволаш хизматлари кенгаймоқда. Поликлиникалар ва шифохоналар учун 11,7 миллиард сўмлик замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар етказиб берилди. Бу эса соҳа самарадорлигини сезиларли даражада оширди, – дейди Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева


Шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги томонидан 3,5 миллиард сўм ажратилиб, 80 та ЭКГ аппарати харид қилинди. “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” лойиҳаси доирасида барча муассасаларга қўшимча 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тиббий хизмат сифатини янада оширишга яна бир салмоқли ҳисса қўшилди. Мобил клиникалар орқали чекка ҳудудлардаги аҳоли ҳам малакали тиббий хизмат билан бевосита қамраб олинмоқда.

Бугун айтиш мумкинки, тиббиёт муассасаларида техник базанинг янгиланиши соҳа самарадорлигини янги поғонага олиб чиқди. Тиббий туризм соҳасида қўшни ва чет давлатлардан 4 минг 597 нафар бемор вилоятда даволангани ҳам вилоят тиббиёт муассасалари ва шифокорларга ишонч тобора юксалиб бораётганининг тасдиғидир. Ўтган қисқа фурсатда 1 минг 300 нафар шифокор ва 3 минг 840 нафар ўрта тиббий ходим малакасини оширди, кадр етишмовчилиги сезиларли даражада қисқарди.
Тўкин дастурхон атрофида ўтган тадбир барчага байрамона кайфият улашди. Шунингдек, Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга кўра, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ вилоят тиббиёт ходимлари ҳам давлатимизнинг юксак эътирофга лойиқ кўрилди.
Нурафшон шаҳрида уларга давлат мукофотлари тантанали тарзда топширилди. Мукофотларни ўз эгаларига вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов топширди. Бундай юксак шарафга сазовор бўлганлар давлатимиз раҳбарига кўрсатилган эътибор учун чексиз миннатдорлик билдириб, юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, халқимиз дардига дармон бўлишдек шарафли ва масъулиятли вазифада ҳамиша собит бўлишларини таъкидлади.
А.Мусаев,ЎзА.