Биласизми, мураккаб трансплантация амалиёти ўтказиладиган, онкологик, гематологик касалликларга чалинган ва бахтсиз ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган беморлар учун қон муҳим восита саналади. Шу боис, юртимизда соҳа муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги пайтда бу йўналишда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлимлари самарали фаолият юритмоқда.
Одамлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга бўлган Республика қон қуйиш марказида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қон ёки қон компонентлари турли тиббий ҳолатларда, жумладан, операцияларда, сўнгги касалликларда ёки травмаларда зарур бўлади. Марказ инсонлар учун зарур қон ва унинг компонентларини йиғади, сақлайди ва тарқатади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қон компонентлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун 1000 нафар кишига қон топширишлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, сифатли қон билан таъминлаш учун эса донорлар сони 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши лозим. Ўзбекистонда бу рақам 8 нафарга тўғри келади. Агар ушбу кўрсаткич 10 нафарга ортса, 100 фоиз талаб қондирилади.
ССВ матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, юртимизда донорлик ҳаракати оммалашиши натижасида мамлакатимизда 2022 йил 122 тонна, 2023 йил 134 тонна, ўтган 2024 йилда эса 147 тонна сифатли қон тайёрланди.
Мамлакатимизда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглобин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши мумкин. Йилига эса ҳар бир шахс 4 марта қон топшириш имконига эга. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрдан иборат.
Айтиш лозимки, мамлакатимизда беғараз қон топширувчи шахслар бир қанча ҳуқуқ, имтиёз ва кафолатларга эга бўлиб, бу борада қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистонда донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга улар учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналиши ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи бериляпти.
Донорлик – эзгу ва савобли амал, беғараз қон топшириш одамийликнинг олий намунаси экан, биз ҳам беғараз донор бўлиб, муҳтож беморларга кўмак берайлик.
Моҳигул Қосимова, ЎзА