Халқ вакилларининг турли соҳалар бўйича назорат-таҳлил ишларини амалга ошириши, мавжуд муаммоларни ўрганиши уларни ўз вақтида ҳал этиш имконини беради.
Айни кунларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи аъзолари соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида пойтахтимиздаги бир қатор тиббиёт муассасаларида назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда.

Депутатлар пойтахт туманларида жойлашган оилавий поликлиникалар ва хусусий клиникаларга ташриф буюриб, у ердаги хизмат кўрсатиш тартиби, тиббий жиҳозлар ҳолати, ходимларнинг иш шароитлари ҳамда беморларга яратилган имкониятлар билан танишди. Жараён давомида аҳоли билан мулоқотлар ўтказилиб, фуқароларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Баъзи муассасаларда навбатлар мавжудлиги, техник воситаларга эҳтиёж борлиги, дори-дармон таъминотидаги узилишлар каби масалалар қайд этилди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш жараёнида рақамли технологиялар қўлланилаётган, аҳоли билан алоқалар тўғри йўлга қўйилган ҳолатлар ҳам кузатилди.

Бир гуруҳ депутатлар эса дорихоналар фаолиятини ўрганиб, «Реклама тўғрисида»ги қонунда дори воситаларининг рекламасига оид назарда тутилган талабларга риоя этилиши билан яқиндан танишдилар.
Аниқланган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди. Халқ вакилларининг бу каби мониторинг ишлари барча туманларда тизимли давом этмоқда.
М.Комилова, ЎзА