Тез тиббий ёрдам: замонавий хизмат ва инсонпарварлик тамойили
Тиббиётнинг муҳим ва стратегик тармоқларидан бири тез тиббий хизмат кўрсатиш тизими бўлиб, унинг қанчалик самарали ва сифатли ишлаши энг аввало, инсон саломатлигини сақлаш натижадорлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2022 йил 16 июнда қабул қилинган “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги фаолиятни янги босқичга кўтарди.

Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида узлуксиз ишлайдган хизмат кўрсатиш инфратузилмаси йўлга қўйилганлиги, “Call-марказ”, Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам маркази ва иншоотлари, автомобиль парки бунинг ёрқин далилидир.

Айтиш керакки, тез тиббий ёрдам анча йиллардан бери соғлиқни сақлаш соҳасида тарқоқ бўлиб, эътибордан четда қолаётган эди. Ҳукуматимиз эътибори тез тиббий хизматни замон талаблари асосида ташкил этиш имконини берди. Соҳа охирги уч йилда тубдан ўзгарди. Илгари транспорт воситалари алоҳида автокорхонага, шаҳар тез тиббий марказлари эса Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига, туманлардагиси эса тиббиёт бирлашмасига бўйсунган. Бошқарув тарқоқлиги сабабли кўп муаммолар юзага келганди. Алоҳида мустақил филиал шакллантирилиши натижасида, ягона бошқарув тизимига асос солинди.

Айни вақтда Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали вилоят марказидаги Обиҳаёт маҳалласи ҳудудида аҳоли учун қулай манзилда жойлашган бўлиб, бу ерда филиал ҳамда унинг шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими ҳам битта мослаштирилган бинода биргаликда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Қолаверса, Янги Наманган тумани Беруний маҳалласи ҳудудида алоҳида жой ажратилди ҳамда унда реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланди.
Ҳозирда марказнинг ҳудудий филиаллари ва “Call-марказ”ларни жиҳозлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, марказнинг Наманган филиалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги тегишли фармойишига мувофиқ, “Call-марказ” ташкил этилиб, унинг инфратузилмаси учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Вилоят бўйича чақирув қўнғироқларини қабул қилувчи “Call-марказ”да 40дан зиёд операторлар туну кун хизмат кўрсатади. Улар кунига етти мингга яқин чақирувларни олиб, бир дақиқа ичида шаҳар, туман, қишлоқлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларига етказмоқда.
– Энди, аввал кузатилган ёқилғи-мойлаш, дори-дармон материалларидаги етишмовчиликларга барҳам берилди. Натижада, чақирувлар бўйича тезкор тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўсмоқда, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали раҳбари Адҳамжон Ирисбоев. – Тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида шакллантирилган филиал автоматлаштирилган вертикал бошқарув асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса куч ва воситаларни бир вақтда, бир мақсадга йўналтириш имконини беряпти.
Тез тиббий ёрдам бригадалари фаолиятида тезкорлик ва сифатли тиббий хизматни таъминлаш мақсадида филиалда иш олиб борувчи барча бригада ходимлари планшетлар билан тўлиқ таъминланган. Тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш мақсадида филиалга марказлашган ҳолда бугунги кунгача техник муддати ўтган 81 та “Damas” машиналари ўрнига янги “Volkswagen Caddy” русумли автомобилларга алмаштирилди. Мазкур тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ва “GPS-трекер”лар ўрнатилди. Эътиборлиси шундаки, ушбу реаномобилларни лойиҳалаш ва жиҳозлашда шифокор ҳамда беморларга имкон қадар қулайлик яратишга эътибор берилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025 йил 4 юлдаги “Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларида тиббий ҳисоб ҳужжатларини рақамлаштириш тўғрисида”ги буйруғи асосида марказнинг Наманган филиалида шу йилнинг 10 июлидан бир қатор қоғоз бланк ва журналлардан воз кечилиб, электрон дастур орқали маълумотлар алмашинуви таъминланди.
Масалан, аҳолидан тушаётган чақирувлар “Call-маркази” операторлари орқали электрон тизимда қабул қилиниб, тез тиббий ёрдам бригада шифокорларининг планшет қурилмаларига электрон тарзда узатиб берилмоқда. Бугунги кунда рақамлаштириш доирасида вазирлик биносида ташкил этилган “Рақамли соғлиқни сақлаш” марказига ягона “Call-марказ” хоналари видеокузатув мосламалари интеграция қилинган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА