Маълумки, техникумларга 9- ёки 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Ҳужжатлар ҳар йили давлат қабул портали орқали ёки офлайн ҳолда топширилади. Битирувчилар имтиҳонлар ёки суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин. Ўқиш тугагач, талабаларга техникум дипломи берилади. Дипломда касб номи ва эгалланган малака кўрсатилади. Кейинчалик ишлаш ёки олий таълимда таҳсилни давом эттириш имкони бор. Баъзи техникумлар бюджет асосида, баъзилари эса контракт асосида ўқиш имконини беради. Контракт нархлари техникум ва йўналишга қараб фарқ қилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилда 9-синф битирувчиларини техникумларга қабул қилиш муддати 10 августга қадар давом этади.
Қайд этилишича, Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан умумий ўрта таълим мактабларининг 2025 йил 9-синфини битирган ўқувчиларини 519 та техникумнинг бирида ўқитиш учун my.edu.uz электрон платформаси орқали онлайн рўйхатдан ўтказиш 10 августга қадар (шу куни ҳам) узайтирилди.
Битирувчилар давлат гранти асосида кундузги ёки дуал таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, улар 14 та техникумда ташкил этиладиган халқаро таълим дастурига грант асосида ўқиш учун ҳам 10 августга қадар my.edu.uz платформаси орқали онлайн ҳужжат топшириши мумкин.
Таълим шакли кундузги бўлиб, платформага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ID карта маълумотлари, 3х4 ҳажмдаги фотосурат киритилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА