Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, касбий таълим ташкилотларига камида умумий ўрта маълумот негизида бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кундузги, кечки ва дуал таълим шаклларига абитуриентларнинг ҳужжатлари вазирликнинг my.edu.uz (https://my.edu.uz/) платформаси орқали 2025 йил 10 сентябргача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Қайд этилишича, тиббиёт техникумларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун давомида, тегишли мутахассислик ва таълим тилини танлаган ҳолда танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади.
Бошқа техникумлар (камида умумий ўрта маълумот негизида) бўйича кириш синовлари ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади. 2025/2026-ўқув йили учун камида умумий ўрта маълумот негизида 549 та техникумга жами 143 минг 114 та (шундан 66 минг 484 та давлат гранти) қабул параметрлари тасдиқланган.
Кундузги таълимда – 102 минг 194 та (49 минг 234 та давлат гранти), кечки таълимда – 2 минг 250 та ҳамда дуал таълим шаклида – 38 минг 670 та (17 250 та давлат гранти) ажратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА