Ўзбекистонда ёшларнинг илмий салоҳияти ортиб бораётир. Бу шубҳасиз уларнинг ОТМга жалб этиш даражаси билан боғлиқ. Агар бундан 7 йил аввал у 17 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган 2024 йилда 43 фоизга етди. Бу мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони ортгани, нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилгани ва ёшлардаги илмга бўлган интилишнинг кучайгани билан боғлиқ.
Бугун мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам тест синовлари бошланди.
– Фарғона вилояти бўйича ҳозир жами 66 мингдан ортиқ абитуриентлар рўйхатдан ўтган бўлиб, 6 та ҳудудда 8 та бинода бир сменада 3510 тадан тест синовларидан ўтишмоқда, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш Агентлиги Фарғона влоят бўлими раҳбари Исмоилхон Шокиров. – Фарғона вилояти бўйича 14 июлдан 23 июлгача тест синовлари ўтказилади.

Тест имтиҳонлари ўтадиган ҳар бир манзилда барча шароит ва имконият яратилди. Масалан, Фарғонада Билим ва малакаларни баҳолаш Агентлигининг имтиҳон олиш катта зали қурилди. У кенг, ёруғ ва ёзда салқинлантирувчи воситалар билан таъминланган.
Дарвоқе, бу йил илк бор абитуриент шахсини электрон аниқловчи жиҳозлардан фойдаланилди. Яъни у кириш йўлагидан ўтиши учун юз тузилишини рақамли технология аниқлаши лозим. Бу эса илгари онда-сонда бўлсада рўй берган бировнинг ўрнига бошқаси имтиҳон топширишига мутлақо йўл қўймайди.
Тест саволномалари муҳрланган махсус қопларда келтирилган эди. Уни абитуриентлар вакиллари иштирокида очишди ва сўнгра белгиланган вақтда имтиҳон бошланди.

Маълумки, Фарғона вилоятида анклав, яъни ичора ҳудудлар бор. Хўш, улар-чи, дерсиз.
– Сўх тумани узоқ ҳудуд бўлгани сабабли унинг ёшлари Фарғона шаҳрига келиб-кетишмайди. Сўхнинг ўзида тест учун алоҳида шароит яратилди. Яъни, улар яшаш ҳудудида тест синовларини топширяптилар, – дейди Агентлик вилоят бўлими раҳбари.
Имтиҳон – синовда адолат, шаффофликни таъминлаш энг муҳим жавоб. Фарғона вилоятидаги барча тест олиш манзилларида шундай шароит яратилди.
– Бу бинода 40 дан зиёд камера ўрнатилган. Бундан ташқари 4 та камера “test2025.uz” сайти орқали онлайн трансляция қилинмоқда, – дейди Агентлик мутахассиси Жамшид Мамашев.

Дарвоқе, ота-оаналар учун ёзнинг жазирамасида соя-салқин жой ҳозирладилар. Шу ерга катта экранлар ўрнатилган бўлиб, улар фарзандлари қандай қилиб тест саволларига жавоб излаётганларини кузатиб туришди.
Аслида, айрим тоифа абитуриентлар мактаб даргоҳидаёқ баъзи фанлардан “имтиҳон топшириб бўлдилар”.
– Ўтган йилдан фарқли томони мактаб, коллеж, техникумда ўқиш давридаёқ айрим абитуриентларимиз зарур миқдордаги балл тўплашди, – дейди Исмоилхон Шокиров. –Фанлардан Миллий сертификат, чет тилидан хорижий сертификат олишган. Етарли балл тўплаган абитуриентларимиз тест синовларидан озод қилиняпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_iRHJP9XX9o" title="Test – bilimlar me’zoni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА