Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қиз ходималар ўртасида “Ватан меҳри юрагимда” шиори остида “Тўмарис издошлари” республика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, жамоаларда уларнинг ўрни ва ролини оширишга, истеъдодларини кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ходималарнинг маънавий ва интеллектуал савиясини янада юксалтириб, касбий ва жисмоний тайёргарлигини такомиллаштиришга, билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


Қизғин баҳсларга бой бўлган мазкур мусобақада ҳам энг моҳир, энг зукко ва энг чаққон ходималар ўзаро беллашиб, ПМ пистолетидан амалий ўқ отиш, ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик, эрудиция ёки билимдонлик, эпчил ва ораста бека шартлари бўйича ўз маҳоратларини кенг намойиш этди.
Ғолиблар мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этиб, вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири