
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманини иқтисодий ривожланган ҳудудлардан бирига айлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳолининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш мақсадида туманда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда терини ва гўштни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ва Хитойнинг “Chongqing” провинциясидан ташриф буюрган инвесторлар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида маълум қилинди.
Музокаралар давомида терини ва гўштни қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳа, унинг аҳамияти ва потенциал имкониятлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, Гулистон туманида мавжуд ишчи кучидан фойдаланиш ва маҳаллий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Туманнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари ва ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида тери ва гўштни қайта ишлаш соҳасида йирик инвестициялар жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Музокаралар давомида иккала томон – маҳаллий ҳокимият ва хитойлик инвесторлар ишлаб чиқариш жараёнида биргаликда иш олиб боришга тайёр эканликларини таъкидлади. Лойиҳа доирасида терини ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш учун зарур бўлган замонавий ишлаб чиқариш линиялари ва технологиялар мавжуд бўлиши керак. Шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш, яъни экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида қўшимча тадбирлар ишлаб чиқилади.
Ташриф давомида хитойлик инвесторлар Гулистон туманининг мавжуд имкониятлари ва шарт-шароитлари билан бевосита танишиб, маҳаллий тадбиркорлар фаолиятини ҳам кузатдилар. Бу, ўз навбатида, лойиҳага қизиқишни ошириб, қўшма корхона ташкил этиш бўйича ҳаракатларни тезлаштирди.
Муҳими, ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида Гулистон туманига 200 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келади. Бунинг натижасида йилига 1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳа бўйича ишга тушириладиган янги корхона 30 нафардан ортиқ фуқарони доимий иш билан таъминлашга ёрдам берибгина қолмай, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири