Маълумки, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларини адолатли ҳамда қонун устуворлиги асосида амалга оширилишини назорат қилади.
Бу борада девон вакиллари тадбиркорларнинг ишончли вакилига айланиб улгурган. Девонга тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларни масъуллар ижросиз қолдирмайди.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Элликқалъа туманида фаолият юритувчи фермер хўжалиги фаолиятида ўтказилган текширишдан норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фермер хўжалигининг сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текширув ўтказилгани аниқланди.
Бироқ, текшириш жараёнида бир қатор қонунбузарликлар, хусусан, фермер хўжалиги вакилларини текширишга жалб қилмаслик, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик ва уларнинг иштирокисиз текшириш далолатномасига маълумотларни киритиш ҳолатлари кузатилган. Қолаверса, текширув якуни бўйича фермер хўжалигига 46 миллион сўм жарима санкцияси ҳисобланган.
Бизнес-омбудсман девони томонидан текшириш ўтказиш тартиблари бузилгани аниқланди ва мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди ҳамда инспекция томонидан текширув якуни бўйича ҳисобланган 46 миллион сўм бекор қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА