5 июнь куни Тбилиси шаҳридаги “Expo Georgia” кўргазма мажмуасида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар беришича, кўргазмада юртимизнинг етакчи тармоқларига оид маҳсулотлар, жумладан, электротехника, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, аграр, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари ва мебель саноати маҳсулотлари кенг намойиш этилмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Ўзбекистоннинг Грузиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳамда Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Георгий Пертая иштирок этди.
Томонларнинг фикр билдиришича, кўргазма икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари учун янги имконият яратади, манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Анжуман доирасида ишбилармонлар ўртасида икки томонлама учрашувлар, В2В музокаралар ўтказилмоқда. Кўргазма Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларда тарғиб қилиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Кўргазма 7 июнь кунига қадар давом этади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА