Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича чиқарган фармон ва қарорлари асосида Оролбўйининг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Тахтакўпир туманида ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қулайликлардан самарали фойдаланиб келаётган замондошларимиз ўз бизнес ғояларини тўлиқ рўёбга чиқариб, ҳудудларда ўз тадбиркорлик фаолиятларини янада кенгайтирган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш ва шу орқали мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда соҳа эгалари тумандаги ўзгаришлар билан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Беш гектар майдонни эгаллаган донни қайта ишлаш корхонаси ўз фаолиятини тўхтатганига анча бўлган. Президентимизнинг тадбиркорларга берган имтиёзлари тахтакўпирлик Аллаяр Мадреймов учун янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имконият эшиги бўлди. Натижада тадбиркор имтиёзли кредитлар эвазига кўп тармоқли “Kausar tegirmon” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйди.
[gallery-26197]
Пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили қиймати 878 минг АҚШ доллари бўлган Жунни қайта ишлаш корхонаси бўлди. Йилига 1 минг 200 тонна жун маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга корхона бюджетга 1,3 миллиард сўм фойда келтиради.
Мазкур корхона эгаси маҳаллий аҳоли учун сифатли ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам мақсад қилди. Бугунги кунда 46 миллиард сўмлик донни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириш арафасида турибди. Бу ерга Туркия давлатидан энг сўнгги замонавий ускуналар келтирилиб, ҳозирда уларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Замонавий ускуналарни тўғри ўрнатиш аҳолига сифатли ун етказиб беришда муҳим саналади. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 10 минг тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
–Бизлар Тахтакўпирда Туркия технологияси асосида донни қайта ишловчи замонавий ун заводини қуряпмиз. Бундан олдин Ўзбекистоннинг 11 ҳудудида, шу жумладан, Амударё туманида “Қипчоқ” ун заводини қуриб ишга туширган эдик. Тахткўпирлик тадбиркор билан тузилган ўзаро шартнома асосида суткасига 45 тонна донни қайта ишловчи ун заводи қуриб берилмоқда. Ҳозирги кунларда барча зарур асбоб-ускуналар ўрнатилиб, улар техник кўрикдан ўтказилмоқда. Яқин кунлар ичида Қорақалпоғистонда яна бир ун заводи ишга тушади. Бизлар маҳаллий тадбиркорларга ўзимизнинг ёрдамимизни бераётганимиздан жуда хурсандмиз ва келгусида ҳам бу йўналишда ишлаймиз , – дейди туркиялик Фатих Мехмет.
Маълумки, Тахтакўпир тумани чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, бу учун бир қатор имтиёзлар берилган. Тадбиркор бу имкониятлардан ҳам тўғри фойдаланган тадбиркор лойиҳа қиймати 32 миллиард сўмлик чорвачилик ҳамда сутни қайта ишлаш корхонасини ишга туширди. Журналистлар бу жойда ҳам бўлиб, иш жараёнлари билан танишишди. Фермер хўжалигига Германия, Дания ва Украинадан 120 бош наслли қорамол олиб келинган бўлиб, уларнинг сони бугунги кунда 170 бошдан ошди.
Сутни қайта ишлаш лойиҳасининг ишга туширилиши чорва молларидан самарали фойдаланиш имконини берди. Бу фермерлар учун барқарор бозор, аҳоли учун эса сифатли сут маҳсулотлари, шунингдек, янги иш ўринлари демакдир.
Тумандаги ушбу лойиҳалар ҳамда тадбиркорларнинг интилишлари нафақат иқтисодий ўсишга, балки маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратишга хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iySTzazWaUc" title="Taxtako‘pirda tadbirkorlik tobora rivoj topmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА мухбирлари