Германияда давом этаётган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида маҳоратли гимнастикачимиз Тахмина Икромова ҳамда сузувчимиз Элдорбек Усмонов кумуш медални қўлга киритди.
Аниқроғи, бадиий гимнастика баҳсларининг кўпкураш йўналишида Тахмина Икромова тўпда машқ бажаришда 28.300 балл, ҳалқада 27.800, булавада 29.600 ҳамда тасмада 27 жами 112.700 балл тўплаб, мусобақанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Эртага, 19 июль куни Тахмина Икромова юқоридаги тўрт йўналиш бўйича яккалик баҳслари финалида ҳам иштирок этади.
Умид қиламизки, Т.Икромова мазкур йўналишларда ҳам терма жамоамизга медаллар шодасини келтиради.

Шунингдек, Элдорбек Усмонов 50 метр масофага баттерфляй усулда сузиш бўйича ўтган баҳсларда 23.33 сония натижа билан кумуш медалга эга чиқди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА