Бу йилги мавсум июнь ойининг биринчи ўн кунлигидан бошланади.
Мамлакатимизда юртимиз келажаги бўлган болалар тарбиясига, уларнинг саломатлигига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, май ойида 2024 йил ёз мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишни таъминлаш мақсадида ҳудудларда дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда дам олиш ва соғломлаштириш мавсумини сифатли ташкиллаштириш бўйича ўқув-семинарлар ўтказилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинган.
Жорий йил ёз мавсумида мамлакатимиздаги мавжуд дам олиш масканлари ҳар галдагидек бу йил ҳам юртимизнинг турли гўшаларидаги таълим масканларидан таътилга чиққан болажонларни ўз бағрига олишга шай ҳолга келтирилган.

Спорт вазирлиги маълумотига кўра, болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича 14 та ҳудудда жойлашган 202 та оромгоҳга 484 нафар спорт мутахассислари, шулардан 204 нафари сузиш йўриқчилар, 280 нафар тренерлар спортнинг ўйин турлари бўйича бириктирилмоқда.
2024 йил ёз мавсумида 4,6 миллион нафардан ортиқ 1-7 синф мактаб ёшидаги болалар дам олишлари ва соғломлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 132 минг 337 нафар болалар шаҳар ташқарисидаги 166 та оромгоҳда соғломлаштирилиши учун шароитлар яратилади.
Мазкур оромгоҳларда турли спорт тадбирларини ташкил этиш учун 1 минг 343 та спорт майдончалари тайёрланиб, машғулот ва мусобақаларни самарали ташкил этиш мақсадида 3 179 дона спорт жиҳоз ва анжомлари ажратилган.
Дам олиш мавсумининг ҳар бир гуруҳи учун Спорт вазирлигининг тегишли бўлимлари томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мини-футбол, стол тенниси, волейбол, бадминтон, шахмат, шашка, енгил атлетика, сузиш, баскетбол, армрестлинг спорт турлари бўйича спартакиадалар ўтказиш дастурлари ишлаб чиқилган.
— Мактаблар қошидаги спорт майдончалари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида таниқли ва иқтидорли спортчилар билан учрашувлар, кўргазмали чиқишлар ҳамда маҳорат сабоқлари ўтказилиши болажонларга унутилмас таассуротлар армуғон этиши шубҳасиз. Бундан ташқари, ҳудудларда фаолият юритадиган соғломлаштириш майдончаларида болалар учун барча шароит ва қулайликлар мавжуд бўлган таълим муассасаларини танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соғломлаштириш оромгоҳларига ҳамда спорт майдончаларида сузиш ва спорт йўриқчиларига бўлган эҳтиёж ўрганилиб, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари мураббийлари бириктирилади, — дейди Спорт вазирлиги бош мутахассиси Ш.Юсупов.
Яна бир эътиборли жиҳат, ҳудудларда оромгоҳларга жалб қилинмаган ёшлар ўртасида «Ёз фасли спорт билан!», «Спортни сев, спорт билан яша!», «Ёз ўтмоқда соз!», «Соғ танда соғлом ақл!» шиорлари остида оммавий спорт мусобақалари, «Қувноқ стартлар», фестиваллар ташкил этилиши назарда тутилган.
Т.Рўзиев,
ЎзА