Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Олег Коробченко бошчилигидаги масъул мутасаддилар ва йирик корхоналар раҳбарлардан иборат делегация хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлиб, “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат парки фаолияти билан танишди.
Бугунги кунда махсус саноат паркида лойиҳалаштирилган дастлабки босқичдаги қурилиш ишлари якунига етказилиб, парк зарур инфратузилма билан таъминланган. Шунингдек, объектда келишувга асосан хорижий давлатларнинг 18 та компанияси томонидан 400 миллион АҚШ доллари қийматида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича лойиҳа ташаббускорлари томонидан ҳам ишлар бошланган.


Татаристон Республикаси мутасаддилари ва ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация аъзолари вилоят мутасаддилари билан ҳудуднинг саноат ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан фикрлашиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.