Ташқи рекламага оид баҳс судда якунига етди
Реклама соҳасидаги қонун талабларига риоя этиш, бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва адолатли тартибни сақлаш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Шу мақсадда, Рақобат қўмитаси томонидан тизимли назорат ишлари амалга оширилмоқда. Яқинда Қашқадарё вилоятида банк муассасаси фаолиятига оид ташқи реклама масаласи юзасидан қўмита ҳудудий бошқармаси қабул қилган қарор суд томонидан қонуний деб топилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида АЖ “Инфинбанк” Қашқадарё вилояти филиалига тегишли банк биносининг том қисмида банк номи ёзилган катта ҳажмдаги ҳарфли ташқи реклама объекти, бинонинг олд қисмида банк номи ва хизмат турлари акс этган "билборд" шаклидаги ташқи реклама ҳамда И.Каримов кўчасида банк биносига қарши томонда, йўл четида АЖ “Инфинбанк” логотипи акс эттирилган “стела” турдаги ташқи реклама ўрнатилгани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан АЖ “Инфинбанк” Қашқадарё вилояти филиалига нисбатан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Броқ, АЖ “Инфинбанк” ушбу қарор ва кўрсатмадан норози бўлиб, суд инстанцияси тартибида мурожаат қилди, иш якунида суд даъвони қаноатлантирмасдан ҳудудий бошқарманинг қарор ва кўрсатмасини ўз кучида қолдирди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА