Маълумки, ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси хулосаси асосида амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 апрелдаги 281-сон қарори билан эндиликда тайёр заргарлик буюмларининг олиб чиқилишини тезкор ҳал этиш мақсадида божхона органларига Инспекция мутахассисларини жалб қилишга рухсат этилди. Бу тайёр заргарлик буюмини хулоса олиш учун Инспекцияга юбориш ҳолатларининг олдини олади ва тадбиркорларнинг вақтини тежайди.

"Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида заргарлик буюмларининг экспорти билан шуғулланувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини тизимдаги ўзгаришлар билан таништириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда тадбиркорларга заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан то экспорт қилингунга қадар жараёнда жорий қилинган янги қулайликлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда заргарлик соҳасида саноат усулига ўтиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда заргарликда ишлатиладиган ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилиниши назарда тутилган.
Тадбиркорлар билан мулоқотда заргарлик экспортини кенгайтириш учун божхона ҳудудида ёки божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимлари имкониятларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Сабаби мазкур режимларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб этилмайди, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди.
Суҳбатда заргарлик буюмларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишларнинг давлат иқтисодий хавфсизлигига салбий таъсири ва ҳуқуқий оқибатлари юзасидан ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Мулоқотда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА