German
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи дипломатия

ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Япония:10-13 март кунлари Токио шаҳридаги “Tokyo Big Sight” кўргазма марказида ўтказилаётган “FOODEX Japan 2026” халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенди намойиш этилмоқда. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида ташкил этилган JICA павильонида Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида “Бир қишлоқ – бир маҳсулот” (One Village – One Product) дастури асосида ишлаб чиқарилган товарлар тақдим этилмоқда. Япониядаги элчихонамиз билан ҳамкорликда ташкил этилган Миллий стендда эса тадбиркорларимиз маҳсулотлари намойишга қўйилган.

Венгрия: Жиззах вилоятида Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлигида ташкил этилган “INNO Science Park” илмий-инновацион парки тантанали равишда очилди. Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, вилоят ҳокими ўринбосари Зафар Азимов, Венгриянинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Йожеф Рожа, шунингдек икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Мажмуада муҳандислик, энергетика, сунъий интеллект, машинасозлик, электроника, учувчисиз учоқлар, материалшунослик, кимёвий технология, озиқ-овқат ва тиббиёт соҳаларида илмий тадқиқот олиб борилади, инновация лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, замонавий лабораториялар, стартапларни қўллаб-қувватлайдиган бизнес-инкубатор ва акселераторлар ташкил этилади.

Тошкент: Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қатар Давлати ва Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Кўрфаз араб давлатлари билан кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” формати доирасида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.Шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Германия: Элчи Дилшод Аҳатов Германия соғлиқни сақлаш федерал вазирлиги давлат котиби Георг Киппелс билан учрашди. Томонлар тиббий хизмат сифатини ошириш, замонавий технология ва илғор тажрибани жорий этиш, шунингдек тиббий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашувда онкология, нейрохирургия, урология, кардиохирургия ва телемедицина йўналишларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот олиб бориш, мутахассислар малакасини ошириш мавзулари ҳам кўтарилди. Шунингдек, учинчи Ўзбекистон – Германия тиббиёт форумини юртимизда ўтказиш имконияти таҳлил қилинди.

Буюк Британия: Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида ташкил этилган учрашувда “Euronews” медиа холдинги раиси Педро Варгас Давид билан оммавий ахборот воситалари соҳасида икки томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва истиқболли қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Франция: Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари Марсель ва Авиньон шаҳарларида қатор ишбилармонлик ва маданий учрашувлар ташкил этишди.

Фардона Яхшибоева, ЎзА