“Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумида “Замонавий тартибга солиш сиёсати: тенденциялар ва истиқболлар” мавзуси муҳокама қилинди.
Халқаро миқёсдаги илмий-тадқиқот муассасалари тартибга солиш сиёсатини шакллантиришда ҳозирги дунёда кузатилаётган тенденциялар юзасидан қизиқарли ҳамда муҳим тақдимотларни намойиш қилди.
Адлия вазирлиги Қонунчилик департаменти бошлиғи Миржалол Аллақулиев Ўзбекистонда сифатли тартибга солишнинг замонавий воситаларини жорий қилиш борасидаги ишлар билан таништирди.
Сессия иштирокчилари замонавий тартибга солиш сиёсатида кузатилаётган ўзгаришлар ва унинг келажаги юзасидан ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича соҳа экспертлари билан фикр алмашиш, алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлди.
“Юристлар технологиялар тўлқинида: рақамлаштириш ўйин қоидаларини қандай ўзгартирмоқда?” мавзусидаги сессияда адвокатура соҳасида рақамли технологияларни қўллаш ва соҳани рақамлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Соҳадаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этишда халқаро адвокатура вакиллари билан тажриба алмашилди.
Тадбирда суд процессларида сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш, яшил трансформацияда юристларнинг роли, рақамли технологияда географик ва ҳуқуқий тўсиқларни енгиш, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида янги ҳуқуқий хизмат экотизимини биргаликда яратиш, шунингдек,адвокат фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг афзалликлари ва хавфлари каби мавзуларда муҳокамалар олиб борилди.
“Ғоядан активгача: интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш санъати” мавзусидаги сессияда интеллектуал мулк соҳасида илғор тажрибага эга халқаро экспертлар, миллий патентшунослар ва илмий ходимлар иштирок этди.
Евроосиё патент ташкилотининг президенти ўринбосари Эмил Маммадов интеллектуал мулк тизимини рақамлаштириш орқали патент жараёнларини соддалаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва патентларнинг ўзаро тан олиниши имкониятлари бўйича маълумот берди.
Сессия якунида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар шароитида интеллектуал мулкни самарали ҳимоя қилиш бўйича янги ташаббуслар ва таклифлар илгари сурилди.
“Қадимий анъаналарни қайта тиклаш ёки низоларни ҳал этишнинг янги йўллари” мавзусидаги сессияда медиация бўйича жаҳон тажрибаси ва миллий анъаналар уйғунлигида самарали мулоқот ва тинч йўл билан низоларни ҳал этиш механизмларини ривожлантириш кўриб чиқилди.
Сессияда медиациянинг миллий анъаналар билан уйғунлиги, қадимий низоларни ҳал қилиш усулларини қайта тиклаш орқали замонавий медиация моделларини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Суддан ташқари тартибдаги низоларни ҳал этиш жараёнларини самарали ташкил этиш, медиаторларнинг малакасини ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда жаҳон стандартларини миллий тизимга мослаштириш юзасидан фикр алмашилди.
“Юридик таълим 4.0: янги компетенциялар, технологиялар ва муаммолар” мавзусидаги сессияда рақамли даврда ҳуқуқ фанларини ўқитиш бўйича зарур бўлган профессионал билимлар ва педагогик ёндашувлар, юридик кадрлар тайёрлаш, Япония “Юридик-техник ҳамкорлик” дастури тажрибаси ва юридик таълимни сунъий интеллект орқали рақамли трансформация қилишга эътибор қаратилди.
Бундай кенг қамровли ва профессионал даражадаги тадбир Ўзбекистонда юридик таълим сифатини ошириш ҳамда уни рақамли трансформация қилишга қаратилган ислоҳотлар мазмунини тушунтириш, бу борада дунёдаги янги тенденцияларни таҳлил қилиш имконини берди.
“Метамаконнинг ҳуқуқий чақириқлари: виртуал дунё ва реал қонунлар” мавзусидаги сессияда сунъий интеллект иштирокида яратилган контентнинг муаллифлик ҳуқуқи, у орқали маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, киберхавфсизлик, “электрон шахс” мақомининг ҳуқуқий асослари, метамаконда қонунийлик ва жавобгарлик масалалари каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.
Форум доирасида хорижий университетлар ва халқаро ташкилотлар профессорлари иштирокида “Сунъий интеллект ва ҳуқуқий жавобгарлик”, “СИ – ҳаммуаллифми ёки воситами?” каби мавзуларда очиқ муҳокамалар ва эксперт фикр алмашувлари ташкил этилди.
Сессияда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тегишли илмий ва амалий ишлар олиб борилиши кутилмоқда.
Бундай нуфузли форматда ўтказилган тадбир мамлакатимизда рақамли ҳуқуқни ривожлантириш, глобал тенденцияларни таҳлил қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова,
ЎзА