Жорий йилнинг 29-30 май кунлари “Tashkent Law Spring” IV (Тошкент ҳуқуқ баҳори) Халқаро юридик форуми юқори савияда ўтказилди. Форумда қандай натижаларга эришилди?
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев шу саволга жавоб берди:
– Халқаро ва миллий юридик ҳамжамият, олимлар, IТ ва бизнес вакиллари учун ҳуқуқнинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилишда қулай майдонга айланган ушбу форумга 1,2 минг нафар иштирокчи, шу жумладан, маърузачи сифатида 40 дан ортиқ давлатдан 200 га яқин нуфузли халқаро ва хорижий ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар адлия вакиллари қатнашди.
Форумга хорижий давлатлар ҳукуматининг юқори даражадаги вакиллари, адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бошчилигидаги 16 делегация ташриф буюрди.
Форумда Жаҳон одил судлов лойиҳаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи олийгоҳлари ва “ақл марказлари”нинг таниқли олимлари ва экспертлари, “Alibaba” ва “Kasperskiy” компаниялари вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Форумнинг барча жараёнлари ва сессиялари YouTube орқали ҳам онлайн тарзда узатиб борилди.
Форум бюджет маблағисиз, ўзини-ўзи қоплаш тамойили асосида халқаро ҳамкорлар ҳомийлиги ва иштирокчилар томонидан рўйхатдан ўтиш учун амалга ошириладиган тўловлар ҳисобига ўтказилди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
Форум давомида 11 мунозара сессиялари ўтказилди, арбитраж, медиация, энергетика шартномалари бўйича нуфузли халқаро юридик ва консалтинг компаниялари (KPMG, White&Case, Vinson & Elkins, Dentons, Pinna Goldberg LLP) иштирокида тўртта маҳорат дарси ташкил қилинди.
Рақамли адлия, Бутунжаҳон интеллектуал мулк кунининг 25 йиллиги, БМТнинг 80 йиллиги ва суд экспертизаси бўйича тўртта тематик кўргазмалар ўтказилди.
Адлия вазирлиги раҳбарияти ва халқаро делегатлар билан 24 та икки томонлама учрашувлар ташкил қилинди.
Тошкент давлат юридик университети базасида илк бор Халқаро ёшлар юридик форуми ўтказилди. Юқори мартабали делегатларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида давлат хизматлари маркази, “Мадад” ННТ, суд экспертиза маркази, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлари уюштирилди.
Форум натижасида хорижий давлат адлия органлари ва халқаро ташкилотлар билан 14 халқаро ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Малайзия Бош вазири департаменти, Сингапурнинг SAGE медиация маркази, Қатарнинг MENA малака ошириш маркази, Ҳиндистоннинг Миллий суд экспертиза университети билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти билан музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон Республикасининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги ўрнини яхшилаш бўйича ташкилот экспертлари томонидан таҳлил ўтказиш (country review) ва таклифлар ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш ва баҳолаш механизмларини такомиллаштиришда БААнинг ADAA платформаси имкониятларидан фойдаланиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Қатар, Покистон ва Озарбайжон давлати адлия вазирлари форумда иштирок этди. Жаҳон одил судлов лойиҳаси вакили Марк Левис Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлиги соҳасида амалга оширилаётган ишларни, айниқса, масъуллар маҳаллаларга тушиб, аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этаётганини юқори баҳолади.
Н.Абдураимова,
ЎзА