Сўнгги йилларда илм-фанга қаратилаётган эътибор натижасида тарих фани ҳамда тарихчи олимларнинг фаолиятида ҳам катта жонланиш, ўзгариш юз берди.
Жумладан, тадқиқот учун зарур манбалар билан эркин танишиш, холис, ҳаққоний тарихни чўчимасдан айта олиш ва ўтмишни миллий манфаатларимиз нуқтаи-назаридан ўрганишга бўлган интилиш натижасида тарих саҳифаларида тўла тадқиқ этилмаган, очилмаган жиҳатлар теран ва мукаммал, пухта таҳлил этилмоқда, ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов 2025 йил 13 та китоб нашр эттирди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоблар муаллифи Қаҳрамон Ражабов сўнгги йилларда халқимизга яқин ўтмишимиз тарихини холисона етказиш борасида меҳнат қилаётган кам сонли олимлардан бири экани алоҳида эътироф этилди.

Қаҳрамон Ражабовнинг “Қизил армияга қарши Бухоро” асари АҚШнинг Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли томонидан тақдимот қилиб берилди.
Тарих фанлари доктори, атоқли олима Дилноза Жамолова Қаҳрамон Ражабовнинг “Туркистон минтақасида совет режимига истиқлолчилик ҳаракати ва моҳияти (1918 – 1935)” ва “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917 – 1991)” китоблари ҳақида маълумот берди. Олиманинг тақдимоти давомида ушбу китобларнинг ёзилиши тарихи, олимнинг машаққатли фаолиятига алоҳида урғу берилди.

Бухоро давлат университети доценти Исмат Наимов профессор Қаҳрамон Ражабовнинг “Бухоро манғит амирлари” китоби ҳақида маълумот берди.

Бу каби илмий китобларнинг тадқимотлари ва илмий йиғинларда билдирилган фикрлар халқимиз, айниқса, ёшларни тарихий билимлар билан қуроллантириш, юрт учун куюниб яшаш, тинчлик-осойишталик, озодлигимизни кўз қорачиғидек қўриқлашдек муқаддас бурчни бажариш ишига хизмат қилиши аниқ.
Н.Усмонова,
ЎзА