Темурийлар тарихи давлат музейи ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Тарихий ва бадиий асарларда Соҳибқирон Амир Темур сиймоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида олимлар, адабиётшунослар, ёзувчилар ва музей ходимлари билан бир қаторда “Ренессанс” таълим университети талабалари ҳам иштирок этди.
Маърузачиларнинг Амир Темур сиймосининг тарихий манбалар ва бадиий адабиётда акс этиши, унинг образининг шаклланиш жараёни ҳамда адабий-эстетик талқинлари ҳақидаги фикрлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Амир Темур сиймоси тарихий ва бадиий асарларда мураккаб, зиддиятли, ҳам улуғвор шахс сифатида гавдаланади. У буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, адолатли ҳукмдор, шу билан бирга, қатиятли стратег сифатида тасвирланади.
Манбаларда унинг бунёдкорлиги ва илм-фанга ҳомийлиги билан бирга азму шижоатли шахс сифатида очиб беришга интилишлар кучли. Умуман олганда, Амир Темурнинг шахсияти ҳамиша илмий ва бадиий таҳлиллар марказида туради.
Низомиддин Шомий, Шарафуддин Али Яздий каби тарихнависларнинг асарларида Темур — тартиб-интизом ўрнатган, мўғуллар ҳукмронлигига барҳам берган, марказлашган давлат асосчиси, ислом динининг тарғиботчиси ва адолат тарафдори сифатида гавдаланади.
Амир Темур ҳақида кўплаб ўзбек адиблари асарлар яратган. Хусусан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасида Соҳибқирон образини тарихий ҳақиқат асосида тасвирлаган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али жаҳонгир бобомиз Амир Темур ҳақида 16 йиллик ижодий меҳнат маҳсули бўлган тўрт китоблик “Улуғ салтанат” китоб-эпопеясини яратган. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Соҳибқирон” драмасида Темурнинг ички дунёси ва давлат арбоби сифатидаги фазилатларини маҳорат билан кўрсатган. Устоз ижодкорлар ўз асарларида Соҳибқироннинг давлатчилик асослари, бунёдкорлик ишлари ва шахсиятини тарихий манбалар асосида бадиий тасвирлашга интилганлари эътиборга моликдир.
Амир Темур сиймоси тарихий-бадиий асарларда наинки моҳир саркарда, балки кучли сиёсатчи, маданият ҳомийси ва буюк бунёдкор сифатида талқин этилади.
Н.Усмонова,
ЎзА