Тарихий муштараклик ва бағрикенглик тимсоли: Ўзбек заминидаги болгарлар
XIX асрнинг сўнгги чораги жаҳон геосиёсатида кескин ўзгаришлар, йирик ҳарбий ҳаракатлар ва аҳолининг мажбурий миграцияси билан тарихда қолди.
Мазкур жараёнлар нафақат Европа, балки Марказий Осиё минтақаси демографиясига ҳам ўзига хос таъсир ўтказди. Манбалар шундан далолат берадики, турли даврларда тақдир тақозоси билан Ўзбекистон ҳудудига келиб қолган этнослар бу заминда нафақат бошпана топган, балки ўлканинг ижтимоий-иқтисодий ривожига сезиларли ҳисса қўшган. Шундай халқлардан бири – болгар диаспорасининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Болгарларнинг Туркистон ўлкасига илк оммавий кириб келиши 1877–1878 йиллардаги рус-турк уруши оқибатлари билан бевосита боғлиқдир. Болқон яриморолидаги сиёсий барқарорликнинг бузилиши ва ҳарбий низолар натижасида юзага келган қочоқлар оқими Россия империяси томонидан янги босиб олинган ҳудудларга, хусусан, Туркистон генерал-губернаторлигига йўналтирилган эди. Бу жараён шунчаки гуманитар ҳаракат эмас, балки ўша давр маъмуриятининг ўлкадаги бўш ётган ерларни ўзлаштиришга қаратилган режаларининг бир қисми бўлган. Дастлабки босқичда кўчиб келтирилганлар Тошкент ва Сирдарё уезди (Қурама тумани, Мирзачўл) ҳамда Фарғона водийсининг унумдор ерларига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, XIX аср охирида Туркистонда истиқомат қилган болгарлар сони нисбатан оз бўлса-да (100 дан ортиқ), уларнинг иқтисодий фаоллиги юқори бўлган. Улар маҳаллий иқлим шароитига тез мослашиб, анъанавий деҳқончилик маданиятига янги унсурларни олиб кирдилар. Хусусан, суғорма деҳқончилик, сабзавотчилик ва узумчилик соҳаларида ўзига хос агротехник усулларни қўлладилар. Ўлка қишлоқ хўжалиги болгар селекциясига мансуб янги сабзавот навлари (сариқ помидор, булғор қалампири) ва мевалар билан бойитилди. Тарихчилар Т.Тодорова ва Л.Жуковаларнинг маълумот беришича, ўша даврда болгарлар орасида мулкдорлар қатлами шаклланиб, улар ўлка иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлган.
Ўзбекистон тарихида болгар зиёлиларининг тутган ўрни ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Бу борада таниқли ўлкашунос, географ ва этнограф Николай Маев (1835–1896) фаолияти ибратлидир. 1869 йилда Ўрта Осиёга келган Н.Маев “Туркестанские ведомости” газетасига муҳаррирлик қилиш билан бирга, илмий экспедицияларда фаол қатнашган. У 1874 йилда ўлка бўйлаб илк илмий сафарларини амалга оширди, кейинчалик Амударё ҳавзасини ўрганиш ва темир йўл қурилиши лойиҳаларида иштирок этди. Н.Маевнинг Тошкент музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи) асосчиларидан бири эканлиги ва 1890 йилда тузган ҳарбий-тарихий каталоги унинг ўзбек халқи тарихини ўрганишга қўшган ҳиссасини кўрсатади.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, XX асрнинг биринчи ярмидаги сиёсий воқеалар диаспора ҳаётида турли синовларни юзага келтирди. 1916 йилги тазйиқлар, давлат хизматидан четлатиш ҳолатларига қарамай, кўпчилик болгарлар маҳаллий аҳоли билан якдил бўлиб, қийинчиликларни енгиб ўтдилар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1944 йил) Қримдан кўчирилган халқлар оқими билан Ўзбекистонга яна бир гуруҳ болгарлар кириб келди. Урушдан кейинги йилларда, хусусан, 1950–1960-йилларда Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Пахтачиликни механизациялаш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида юзлаб ёш мутахассисларнинг юртимизга келиши ва Сирдарё, Тошкент вилоятларидаги хўжаликларда фаолият юритиши ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлади.
1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг пойтахтни қайта тиклаш ишларида болгар қурувчиларининг иштироки ҳам муҳим ўрин тутди. София, Хасково ва Бургас шаҳарларидан келган элликдан ортиқ мутахассислар шаҳарнинг янги қиёфасини яратишда жонбозлик кўрсатдилар. Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик сиёсати барча диаспора вакиллари қатори болгарлар учун ҳам ўз тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш имконини берди. Н.М.Тодоров каби олимлар, М.А.Ненашева сингари педагоглар ва А.Д.Чендов каби ҳарбийларнинг фаолияти бунинг яққол далилидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бир асрдан ортиқ вақт давомида ўзбек заминида яшаб келаётган болгар диаспораси тарихи – бу халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик солномасидир. Аждодларимизнинг бағрикенглиги, турли миллат вакилларига ўз яқинларидек муносабатда бўлиши натижасида бугунги кўп миллатли ягона оиламиз шаклланди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА