Ватанимиз тарихидаги 11 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1370 йил (бундан 655 йил олдин) – академик Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг қайд этишича, Чиғатой улусининг бек ва амирлари, вилоят ва туманларнинг зодагонлари ҳамда Термизнинг хонзодалари, шунингдек, Амир Темурнинг пири Саййид Барака иштирокида қурултой ўтказилди. Манбаларда таърифланишича, қурултойда эътиборли амирлар, Темурнинг ёшлигидаги қуролдошлари ва унинг собиқ душманлари ҳозир бўлган эдилар. Улар орасида Амир Шайхмуҳаммад Баён Сулдуз, Амир Ўлжойту, Амир Кайхусрав, Амир Жоку Барлос ва мўътабар маъмурлар бор эди.
Қурултойда Амир Темурнинг ҳукмдорлиги расмий тан олиниб, у Мовароуннаҳрнинг амири деб эълон қилинди. Гарчи салтанат тахтига, анъанага кўра, дастлаб номигагина Суюрғатмиш (1370–1388), сўнгра унинг вафотидан кейин Султон Маҳмудхон (1388–1402) ўтқазилган бўлса-да, амалда марказий ҳокимиятни Амир Темур ўзи бошқарди, вилоятлардаги ҳокимият ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қилинди.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Хоразм Республикаси ўзининг мустақил валютаси – қоғоз, ипак ва мис пулларга эга бўлди. Республиканинг мустақиллик белгиси ва иқтисодиётнинг муҳим таянчларидан бири – миллий валюта ҳисобланади. Тарихчи Асрор Пардаевнинг қайд этишича, Хоразм республикасида 1920 йил майда 300 минг сўм, июнда 2 миллион 50 минг, июлда 4 миллион 865 минг, августда 8 миллион 270 минг, сентябрда 9 миллион 514 минг, октябрда 10 миллион 78 минг, ноябрда 18 миллион 420 минг, декабрда 21 миллион 626 минг сўм пул зарб қилинган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1918 йилда Хива хонлигида Жунаид Қурбон Мамед ҳокимиятни эгаллаб, Сайид Абдуллани қўғирчоқ хон сифатида тахтга ўтқизгач, аҳолидан танга пулларни йиғиб олиш мақсадида ипак пуллар чиқарди. Маҳаллий ипакдан эни 11 см ли тасма тўқилиб, 15 см узунликда кесилган, кейин эса ёғоч қолиплардан фойдаланиб, табиий бўёқлар ёрдамида матога ёзувлар ва тасвирлар туширилган. Хива хонлиги ипак пуллари 200, 250, 500, 1000 ва 2500 танга қийматида чиқарилган.
1920 йилда Хоразм Республикаси ташкил топгач, у ҳам ипак пуллар чиқаришни давом эттирди. Республика ипак пуллари 500, 1000, 2000 ва 5000 рубль қийматида чиқарилиб, улар хонлик пулларига нисбатан кўпроқ тарқалган. Қизиғи шундаки, 1923 йилда бу пулларни умумдавлат қоғоз пулларига алмаштириш эълон қилинганда, аҳоли бирорта ҳам ипак пулни топширмаган – уларни эсдалик сифатида сақлаб қолган. Ҳатто 1940–1960 йилларда Хивадаги айрим хонадонларда бу ипак пуллардан тикилган қуроқ кўрпалар мавжуд бўлган. Бу пуллар ўзининг ноёблиги ва ишлаб чиқариш технологияси жиҳатидан тарихимизнинг нодир ашёси ҳисобланади.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Хивада халқ музейи очилди. Музей хон саройи – Тошҳовли биносида очилиб, бу ерга Хоразм тарихи, маданияти ва этнографиясига оид қимматбаҳо материаллар тўпланди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Тошҳовли саройини Хива хони Оллоқулихон 1830–1838 йилларда қурдирган. У 3 ҳовли, 111 та хонадан иборат: Арз ҳовли (дарвозаси ғарбга), ишрат ҳовли (жанубга), ҳарам (дарвозаси ғарбга қараган). Хоразм маҳаллий тураржой меъморлигига хос услубда, шаҳар ташқарисидаги қўрғон-ҳовли кўринишида бўлганлиги учун Тошҳовли деб номланган.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – рус туркийшуноси, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сергей Иванов таваллуд топди (вафоти 1999 йил). У Алишер Навоийнинг юзлаб ғазал, рубоий, фард, қитъа, туюқларини рус тилига таржима қилган. Шоирнинг рус тилида чиққан 10 жилдли (1968–1970) асарларида муҳаррир сифатида иштирок этган.
Бундан ташқари, у Лутфий, Гадоий, Саккокий, Нодира, Муқимий каби мумтоз шоирлар билан бир қаторда янги адабиётимиз вакиллари Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Усмон Носир, Уйғун, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа шоирлар шеъриятидан намуналарни хам рус тилига таржима қилган.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Чўлпон ўзи муҳаррирлик қилган “Бухоро ахбори” (ҳозирги “Бухоронома”) газетаси ҳақида “Тилимизнинг ишланиши” деган махсус мақола ёзиб, “Туркистон” газетасида эълон қилди. Чўлпон мақолада сўнгги пайтларда газета эришаётган ютуқлар ҳақида мулоҳаза юритаркан, уни ўзига яқин тутиб “йўлдошимиз” деб айтайди. Чўлпон газета фаолиятини янада яхшилаш, ўқимишлилик даражасини кўтариш мақсадида унда йўл қўйилаётган айрим камчиликларни ҳам рўй-рост мисоллар билан бирма-бир кўрсатиб ўтади. У шундай ёзади:
“Лекин йўлдошимизнинг доим кўзга қадаладурғон битта зўр хатоси бордурки, уни хайрихоҳлик билан айтиб ўтмасак бўлмайдир. Бизнинг кўрсатмак истагимиз камчилик – тил, шева камчилиги, тўғриси, тилга аҳамият бермаслик хатосидир. Бош сарлавҳаси ёнида “...адабий жаридаи Туркия” деб ёзилган бу газета маълумдирким, ўзбек шевасида чиқадир. Бухоро ҳокимиятининг расмий тили ҳам ўзбекчадир. Бухородек форс-эрон таъсирига ортиқ ютулуб кетиб, ўз тилидан ажралиб қолғон бир ўлка учун, у ердаги кўпчилик авом учун тилнинг аҳамияти жуда зўрдир. Ҳолбуки, “Ахбор” йўлдошимизда бу жиҳатга сира диққат этилмайдир ёки этила олмайдир”.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа тумани ҳокимлиги ташкил этилди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА