Бугун – “Ўзбекистон Республикаси Темир йўл транспорти ходимлари” куни.
Ўткир нигоҳлар ортида — минглаб тонна юк, минглаб масофа, минглаб инсонларнинг ҳаракати яширин. Бу таърифлар иш доираси жуда кенг бўлган дилларни дилларга, элларни элларга боғлайдиган жасоратли темир йўлчиларга хосдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 августдаги фармонига кўра, темир йўлчиларнинг касб байрами жорий этилди. Шунга асосан, ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси юртимизда “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари” куни сифатида нишонланиб келади.
Тан олиб айтиш керак, жадал ривожланиш йўлини босиб ўтаётган, нафақат юртимизнинг барча минтақаларини ишончли боғловчи, ўзига хос кўприк бўлган темир йўл тизими мустақил, ягона ва яхлит тизим сифатида мамлакатимиз иқтисодиётини олға етакловчи локомотивга айланди.
Темир йўл қурилиши тарихига назар солсак, дастлаб ҳарбий ва сиёсий мақсадда ишга киришилгани ойдинлашади. Авиация унча ривожланмаган XX аср бошларида темир йўлнинг аҳамиятини ҳеч нарсага тенглаб бўлмас эди. Шу маънода, у бизнинг тарихимиз, юксак маданиятимиз ва замонавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат, халқ хўжалиги ва мудофаа қувватини оширишда бениҳоя хизматлари билан бир қаторда, ўз анъаналарига, катта мактабига эга транспорт соҳаси ўлароқ ривожланиб, тараққий этиб келмоқда. Зеро, мамлакатнинг транзит потенциали ечими кўп жиҳатдан айнан темир йўлга боғлиқ.
Ўзбекистон темир йўллари Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта транзит салоҳиятига эга. Шу маънода, бугун темир йўлдек халқаро транспорт йўлакларига қулай, хавфсиз, тезкор ва ишончли тармоқни топиш мушкул.
Темир йўл локомативлари иқлим ноқулайликларига қарамай мунтазам равишда ҳаракатланиши билан бошқа транспорт турларига нисбатан атрофга кам зарар етказиши, юк ва йўловчилар ташиш ҳажми имкониятлари жуда юқорилиги билан ҳам етакчи ўринни эгаллайди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва тармоқлар сингари темир йўл тизимини ҳам ҳар томонлама такомиллаштириш бўйича катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини соҳада эришилаётган юксак марралар яққол тасдиқлайди.
Бугунги кунда ватанимиз пўлат магистралининг умумий узунлиги қарийб 7 ярим минг километрдан ошди. Шунингдек, 2 ярим минг километр йўллар қайта тикланди, қарийб 60-65 фоизга яқин темир йўллар электрлаштирилиб, локомотив хўжалиги тубдан янгиланди.
Тизимдаги саноат корхоналари давр талабига мос технологиялар билан жиҳозланиб, уларда замонавий йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқариш, ҳаракатланадиган таркибни таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагонсозликни ташкил этиш ва вагонцистерналари, ёпиқ ва бошқа турдаги махсус вагонлар, қуюв корхонасини реконструкция қилишга қаратилган катта кўламдаги лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида янги юк вагонлари, кўп тонналик контейнерлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва вагонларини капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари янада жадаллашмоқда.
Қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолмай, замон нафасини ҳис қилган темир йўлчилар янгича ёндашувлар асосида ишлашга интилмоқда. Бугун темир йўлларда ўзимизда ишлаб чиқарилган юк ва йўловчи вагонлари ҳаракатланаётгани кишини қувонтиради. Импорт ўрнини босган ушбу вагонлар сабаб, йилига миллионлаб долларлик валюталар тежаб қолинмоқда. Бу эса тобора ривожланиб бораётган транспорт машинасозлиги соҳасида темир йўлчиларимиз ўзларининг муносиб ўрнини топганидан далолат беради.
Дам олиш куни тоққа отландим. Бу гал автоуловда эмас, Тошкент-Марказий вокзалидан Тошкент-Чиноркент-Тошкент йўналиши бўйича янги қўйилган тез юрар элекропоездида йўлга чиқдим.
Ташқарида қайноқлик кузатилаётган бугунги кунимизда замонавий, қулай, шамолдек учқур вагонларда иссиқдан озорланмай, манзил сари борар эканман, бу енгиллик, қулайликлар замирида қанчадан-қанча темирйўлчилар, қурувчи ва муҳандислар, йўлсозларнинг машаққатли, фидокорона меҳнати мужассам эканини ҳис қилдим.
Жамоли таъриф қилинган саратоннинг жазирамаси инсонни соя-салқинга етаклагандек, хаёл парвози ҳам ўз қатларини майин сийпалаб варақлайди.
Аслида темир йу́л мен учун унчалик бегона соҳа эмас.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг меҳнат фахрийси бўлган тоғажоним Раҳимберди Муслимов қирқ йилдан ошиқ шу тизимда ишлаганлар. Асрни қаритган, жисми ва руҳи тетик, гаплари равон, салкам саксонни қоралаган тоғажоним бетобланиб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий клиник шифохонасига даволаниш учун ётганларини эшитиб, ҳол сўрагани бордим. Суҳбат асносида кўп йиллик меҳнат фаолиятларини ҳам эсладилар.
Ишонасизми, кексалик сабаб сал инжиқ инсон бирдан мулойим тортиб, рангларига қон, танларига жон югуриб, кўзлари ёниб, мен билан узоқ диллашишга куч топдилар. Болалигимдан, тоғажонимни алпқомат кўринишларидан жуда қаттиққўл, деб ўйлардим. Лекин улар билан касбларига доир узоқ суҳбатлашар эканман, инсонни яқиндан билиш учун унинг кўнгил торларини чертиб кўриш керак, деган гапнинг нақадар рост эканлигига инондим.
Тоғажоним беғубор, қизиқарли воқеаларга бой болалик дамларини, уйларидан юз-икки юз қадам наридан ўтган темирйўл ҳаётларида туб бурилиш ясаганини бамисоли эртакдек сўзлаб бердилар.
– “Мен... поезд овозини кутиб улғайдим. Узоқдан келаётган таниш овоз асрлар бўйи бир хил тарзда кечаётган ҳаётимга катта янгилик олиб кирган, гарчи сўз орқали тушунтириб беролмасам-да, билардим, ҳаётим шу йўл, шу “овоз” билан боғлиқдек эди. Рельсларга урилиб ўкириб келаётган овозни эшитган заҳотим кўчага отилардим, гуриллаб ўтаётган маҳобатли поезд ортидан тикилиб қолардим.
Бу дунёда менга поезднинг овозидан сеҳрли овоз йўқ эди гўё. Уйқуга кетишимдан олдин қулоғимга охирги эшитиладиган овоз ҳам поездники бўлгани учун орзуларга тўлиқ тушлар кўриб, тонгда умидларга тўлиб уйғонардим.
Тақдир мени темир йўлга ипсиз боғлаб қўйди. Кейинчалик, улғайиб шу даргоҳнинг тузини едим. Меҳр қўйган касбда ишлаш бир текис кечмади, оғир ва енгил кунларни бошдан кечирдим. Елдек учиб ўтган умрда барча-барчаси – орзудан тортиб, юздаги ажинлар, йўқотишлар ва топишлар жой олди. Темир йўлчининг нони қаттиқ ва айни пайтда ширин. Эҳ-ҳе... Биласанми қизим, келажакда қандай инсон бўлиб етишсанг ҳам, бир нарсани ҳеч вақт унутма, нафсинг сенга тобе бўлсагина омад кулади, бахт кулади, дедилар тоғажоним.
– Югурик вақтни қара қизим, – деб, яна сўзларида давом этдилар. “Ўзбекистон темир йўлалари”да ишлаган узоқ йиллик даврим жамият, инсон умри ҳақида фикр юритишга, хулосалар чиқаришга арзийди, деб ўйлайман. Қолаверса, бизнинг аждодларимиз пешонасига мустабидлик тузумида яшаш, ишлашдек оғир бир қисмат битилган эди. Бир ҳақиқатни айтай, инсон қачонки ўз қадр-қиммати, ҳурмати жойига қўйилса, орқасида қувончига ҳам, қайғусига ҳам шерик бўла оладиган фидойи, оқибатли меҳнат жамоаси борлигини ҳис қилсагина ўзини бахтли сезиб, ҳаётидан розилик туяр экан...
Темир йўл мунтазам ривожланиб борадиган замонавий тизим. Баъзан поездга тош отганлар ёки рельсларни ишдан чиқаришга уринишлар ҳақидаги хабарларни эшитиб, қаттиқ ранжийман. Халқ пулига келган, элнинг корига яраётган шундай қимматбаҳо бойлигимизни асрашнинг аҳамиятини болаларга тушунтириш, темир йўл билан боғлиқ турли бахтсиз ҳодисалардан ўзларини асрашлари кераклигини уқтиришдан чарчамайман. Темир йўлда поездлар ҳар доим устуворликка эга. Чунки поездларнинг тормоздан кейин босиб ўтадиган масофаси анча узун, ҳатто паст тезликда ҳаракатланаётган бўлса ҳам.
Бугун мамлакатимиз иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан, изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланганини чуқур таҳлилий асосда талқин қилиш зарур.
Уруш йиллари мудофаа қалқонига, тинчлик пайтида меҳнат масканига айланган “Ўзбекистон Темир йўллари”га бўлган ҳурматим чексиз.
Маданиятлар тобора қоришиб бораётган бугунги кун одамдан ўта ҳушёрликни, халқи ва давлати манфаати учун қаттиқ туриб ҳалол хизмат қилишни талаб этади. Хеч шубхасиз айтаман, ҳозирги ютуқларимиз халқпарвар, элпарвар Юртбошимизнинг одилона сиёсати мевасидир.
Ўз ишини севиш, тажриба тўплаш ва меҳнатдан баҳра олишни унинг ичида юрганлар билади, меҳнатларим самарасини кўрганимдан, ҳаётим беҳуда ўтмаганидан бахтлиман ва шукур қиламан. Бахтнинг ўзаги шукурдир қизим”, – деб, фикрларига якун ясайдилар тоғамжоним. (Оллоҳ раҳмат қилсин).
Умри темир йўлларда ўтган тоғажонимнинг ҳаяжон тўла суҳбатларини тинглаб, шундай сулола вакиласи эканлигимдан фахрландим, қалбимнинг бир четида ғурур туйғуси жўш урди.
Ҳа, темир йўл ким учундир ўз хотиралари билан қолиш имконини берса, ким учундир бир манзилдан иккинчи манзилга саёҳат қилиш усули, яна кимлар учундир ҳаёт тарзи – йўлда бўлиш, янги манзилларни кашф этиш, электр таъминотини назорат қилиш, юк вагон станциялари ва контейнер хўжалигини ривожлантириш, мултимодал “эшикдан эшикгача” ташувларни йўлга қўйиш, логистика маркази ва терминалларни ташкил этиш, вокзаллар бошқарувини таъминлашдир.
Тараққиётга фидоий инсонлар ва уларнинг самарали меҳнати билан эришилади. Темирйўлчиларнинг умри йўлда кечади, деб бекорга айтилмаган. Саҳролар, даштлар ва тоғлар аро олиб борилган қурилиш давридаги қийинчиликларга унча-мунча одамнинг бардош бериши амримаҳол, табиий шарт-шароити оғир худудларда қиши қаттиқ, баъзан қуруқ, изғирин – совуқ, ёзи эса жазирама “қаҳри қаттиқ чанг-тўзон”ларни енгиб, “тоғларнинг белидан темир камар” ўтказишдаги темирйўлчилар кўрсатган жасоратларни айтишга тил ожиз.
Ўзбекистоннинг очиқ ва шаффоф, хорижий мамлакатлар билан самимий ва конструктив мулоқотга асосланган ташқи сиёсати транспорт дипломатияси орқали ҳам такомиллашиб, янгича мазмун билан бойимоқда. Халқаро муносабатлардаги дўстона кайфият юртимизни ҳамкор давлатлар билан боғловчи транспорт йўлагини, тизимли логистика тармоғини ривожлантиришни талаб этиши табиий. Бу жараёнда сифатли темирйўл қатновини ташкил этиш билан бир вақтда малакали ёш мутахассисларни тайёрлаш ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кун нуқтаи назари билан қарасак, илм ёшармоқда. Илмий салоҳиятларни оширишда ёшлар нафақат ички имкониятлардан, балки чет эл тажрибаларидан ҳам фойдаланишлари натижасида маълум бир авлодда узилиб қолган илм “бўшлиғи” ўрни тўлдириб борилмоқда.
Бу соҳада фаолият юритиш, ҳамма ҳавас қиладиган поезд машинисти хонасини иш жойига айлантира оладиган миллий кадрларга талаб ҳар қачонгидек юқори. Иқтидорли темирйўлчиларни тайёрлаш – бу узоқ вақт ва машаққатли меҳнатни талаб қиладиган узлуксиз жараён. Ҳатто, абитуриентлар ҳам Темирйўллар институтга келиб ҳужжат топшириш жараёнида ихтисослаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Бошқа ОТМларда давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топшириш тизими йўлга қўйилгани ҳаммамизга маълум. Бўлғуси талаба ҳамма имтиҳонлардан ўтиб, ўқишга тавсия этилса-ю, лекин саломатлиги талабга жавоб бермай, махсус тиббий комиссия йўлланма бермаса, талабалар сафига қабул қилинмайди.
Шундай экан, “Ўзбекистон темир йўллари” кадрлари Ўрта Осиё бўйича рақобатбардош деб, бемалол айта оламиз. Бунга етарли мисоллар келтириш мумкин. МДҲ ҳудудида иккинчи бўлиб 250 км/соат тезликдаги поездни йўлга қўйганимиз жаҳон миқёсида ҳар доим эътироф этилади, бунга “Afrosiyob” тезюрар поездига чиққанимда кўп бора гувоҳ бўлганман. Чунки тезликни 250 км/соатга етказиш ва йўловчи сиғими 200 дан ортиқ бўлган поездларни мустақил бошқариш осон масала эмас, бунда нафақат поезд, тўлиқ инфратузилма технологияси муҳим роль ўйнайди.
Президентимиз ташаббуслари билан аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда, жаҳон андозаларини ўзида мужассам этган, халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган йирик лойиҳалар ер ости ва ер усти халқа метро линияси ҳамда замонавий уч қаватли автомобиль йўллари кўприги, шунингдек, минглаб километр янги темир йўл линиялари темирйўлчилар меҳнати эвазига барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётгани қувонарлидир.
Таъкидлаш керакки, ҳозиргача юртимизда уч қаватли кўприк қурилмаган. Мутахассисларнинг фикрича, пойтахтимизнинг энг гавжум чорраҳаларидан бирида қад ростлаган бу кўприк йўл тирбандлигини анча қисқартирган. Айни пайтда бу транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига олиб борувчи йўлни 22 километргача қисқартириш билан бирга Чорвоқ ва Чимён ҳудудларини ривожлантиришга ҳам замин яратди. Бу – мамлакатимиз темир йўл тизимидаги ислоҳотлар янги сифат босқичига кирганлигига далолатдир.
Ўзбекистон темир йўл тармоғининг келажаги, аввало, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, замонавий билимга эга, ўз касбига содиқ, чин фарзандлик меҳри билан яшайдиган етук мутахассис ишчиларга эга эканлиги, энг сўнгги замонавий локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлангани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Бугун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кўп миллатли 70 мингга яқин жамоаси халқимиз ҳамда хорижий меҳмонларнинг хизматини қилиб, ишончни оқлаб келмоқда. Мақсад, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш”дан иборат.
Темир йўл орқали юк ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш – асосий масала ҳисобланади. Темир йўлнинг эртанги ривожи янги қудратли корхоналар бунёд этиш, маҳаллий корхоналарнинг рақобатбардошлилигини ошириш, маҳсулотларни хориж давлатларга экспорт қилиш, логистика тизимлари билан халқаро бозорларга чиқиш, ташқи савдони ривожлантириш, янги йўллар ўзлаштириш, борларини эса тармоқ доирасида узайтириш, темир йўл шаҳобчаларига хизмат кўрсатиш ҳисобига минг-минглаб янги иш ўринлари очилишига имкон беради.
Тизимдаги малакали, ўз касбига фидойи ва илғор темирйўлчилар жамоаси бугун ва эрта ҳам соҳа ривожига хизмат қилгуси. Бу соҳа ходимларининг заҳматли меҳнатисиз шаҳар ва вилоятларимиз тараққиётини, қолаверса, халқимиз турмуш даражаси юксалишини тасаввур этиб бўлмайди.
Бугун ўз иши, ўз касбини севган мутахассислар жамланган “Ўзбекистон темир йўллари” жамоаси ўз касб байрамларини нишонламоқда. Уларнинг шу кунгача эришган ютуқлари бунданда катта ютуқларга уланиб кетсин.
Байрам муборак бўлсин, азиз Темир йўлчилар...
Мадина ЗУФАРОВА,
“RENESSANS” таълим университети талабаси