Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих чорраҳасидаги тақдирлар: Ўзбек заминидаги қорачойлар

Тарихнинг кескин бурилишлари ва геосиёсий тўқнашувлар баъзан бутун бир халқ тақдирини кутилмаган ўзанга буриб юборади.

Шимолий Кавказнинг тоғли ҳудудларидан минглаб чақирим олисдаги Ўзбекистон заминига келиб қолган қорачой этносининг қисмати бунга яққол мисолдир. Уларнинг Ўрта Осиёга келиши шунчаки кўчиш эмас, балки империялар манфаати ва шўролар давридаги мураккаб сиёсий жараёнларнинг бевосита натижаси эди. Ғарбий Қипчоқ тил гуруҳига мансуб, суннийлик мазҳабига эътиқод қилувчи бу халқ вакиллари ўзга юртда нафақат жон сақлаб қолди, балки жамиятнинг ажралмас бўлагига айланди.

Қорачой халқининг тарихий йўли доимо мураккаб синовларга тўла бўлган. XVIII ва XIX аср бошларида минтақада вазият ниҳоятда қалтис тус олди. Туркия ва Қрим хонлиги томонидан уюштирилган мунтазам ҳужумлар ижтимоий ҳаётга таъсир ўтказди. 1828 йилга келиб, Қорачой ўлкаси Россия империясининг сиёсий ва маъмурий бошқаруви доирасига киритилди. Ўша даврда бу ҳудуд Шимолий Кавказнинг иқтисодий жиҳатдан қолоқ нуқталаридан бири эди. Халқнинг ўз ёзуви йўқлиги ва саводхонлик даражаси ривожланишга тўсиқ бўлаётган эди.

ХХ асрнинг бошлари, хусусан, 20–30-йиллар қорачой жамиятида ўзгаришлар даври сифатида тарихга кирди. Маданият ва маиший ҳаётда ижобий силжишлар юз берди. Таълим тизимининг йўлга қўйилиши ва маданий оқартув ишлари натижасида қорачойлар ривожланиш босқичига чиқди. Аммо бу тараққиётнинг соясида бошқа бир машъум жараён бошланган эди. 30-йиллардаги жамоалаштириш сиёсати баҳонасида кўплаб бой-бадавлат хонадонлар, ўз ишининг устаси бўлган уддабурон хўжаликлар “қулоқ” сифатида Ўзбекистоннинг Мирзачўл ҳудудларига сургун қилинди. Бу уларнинг ўзбек тупроғига илк мажбурий қадами эди.

Қорачой халқи бошига тушган энг оғир синов Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. 1943 йилнинг октябрь ойидан 1944 йилнинг мартига қадар давом этган машъум депортация жараёнида 12 минг нафар қорачой вакили ўз ватанидан чиқариб юборилди. Улар Қозоғистон ва Ўрта Осиё ҳудудларига мажбуран кўчирилди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, Ўзбекистон ўша вақтда 95 та оилани, яъни 358 нафар инсонни қабул қилган. Тоғ ҳавосига ўрганган инсонлар учун Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими ва уруш давридаги оғир меҳнат шароити жиддий синов бўлди. Бироқ ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги уларнинг омон қолишида ҳал қилувчи омил вазифасини ўтади.

1956 йилда тарихий адолат қарор топиб, қорачой халқи тўлиқ реабилитация қилинди. Кўплаб махсус кўчирилганлар ўзларининг тарихий ватанларига қайтиш имконига эга бўлдилар. Шунга қарамай, бир қисм аҳоли Ўзбекистонни ўзларининг иккинчи ватани деб билиб, шу ерда қолишни маъқул кўрди. Статистик маълумотларга назар ташласак, 1979 йилда юртимизда 289 нафар, 1989 йилда эса 329 нафар қорачой миллати вакили истиқомат қилганини кўрамиз. Улар азалдан моҳир чорвадор ва темирчи бўлгани боис, асосан қишлоқ жойларда ўрнашиб, эл корига ярайдиган ҳалол меҳнат билан шуғулландилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон жамиятида қорачой диаспорасининг ўз ўрни бор. Иккинчи ва учинчи авлод вакиллари орасидан кўплаб етук мутахассислар етишиб чиқди. Хусусан, тарихчи Людмила Жукованинг қайд этишича, 80-йилларда Тошкент Марказий универмаги директори лавозимида фаолият юритган полковник К.А.Айбаханов ҳамда “Ўзозиқовқатсаноатлойиҳа” институтининг бош муҳандиси З.И.Махадинов каби юртдошларимизнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. Уларнинг фаолияти миллатлараро тотувлик ва дўстлик муҳитининг яққол далилидир.

Қорачойларнинг этнографик ўзига хослиги уларнинг оилавий муносабатларида яққол намоён бўлади. Катта авлод вакиллари ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратадилар. Жамиятда ўзини тутиш одоблари, камтарлик, катталарга ва аёлларга ҳурмат каби анъанавий қадриятлар қатъий назорат қилинади. Никоҳ тўйлари ва бошқа миллий маросимлар қадимий урф-одатларга мос равишда ўтказилади. Бу ёндашув глобаллашув даврида миллий ўзликни сақлаб қолишнинг муҳим воситасидир. 

Шу боис ҳам Ўзбек замини турли миллат вакилларини бирлаштирган, уларга тинчлик ва тараққиёт учун имкон берган макон сифатида тарих саҳифаларида қолмоқда.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА