Шарқ халқлари тарихида ўзаро этно-маданий алоқалар шунчаки географик қўшничилик билан эмас, балки қон-қариндошлик, тил бирлиги ва муштарак қадриятлар билан ўлчанади. Ўзбекистон ҳудудида турк (усмонли) қатламининг шаклланиши ва ривожланиши ана шундай чуқур тарихий асосга эга. Бу жараён асрлар давомида сиёсий иттифоқ, маданий алмашинув ва инсоний тақдирлар мисолида сайқалланиб борди. Бугунги кунда тарихий манбалар ушбу икки халқ ўртасидаги ришталарнинг нақадар мустаҳкам эканидан далолат беради.
Икки халқ ўртасидаги тўғридан-тўғри ва тиғиз алоқаларнинг янги даври Амир Темур салтанати даврига тўғри келади. 1402 йилги Анқара жанги тарих саҳифаларида фақат ҳарбий тўқнашув сифатида эмас, балки маданиятлар интеграциясининг бошланиш нуқтаси сифатида муҳрланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг узоқни кўзлаган сиёсати натижасида Самарқандга Туркиядан ўз касбининг моҳир усталари олиб келинган. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, улар орасида нодир истеъдод эгалари бўлган тоштарошлар, заргарлар ва камончилар кўпчиликни ташкил этган. Бу усталар темурийлар даври меъморчилигининг юксалишига, Самарқанднинг “Сайқали рўйи замин”га айланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар. Шунингдек, манбаларда Шоҳрух Мирзо саройидаги тантаналарда турк созандаларининг иштироки ҳақида маълумотлар ҳам сақланиб қолган.
XVI асрга келиб, бу алоқалар ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик тусини олди. Шайбонийлар даврида Мовароуннаҳр қўшинлари таркибида “румийлар” (усмонлилар) деб номланган махсус ҳарбий бўлинмалар фаолият юритган. Хусусан, Бароқ Султон ва унинг ўғли Бобо Султон қўшинлари сафида хизмат қилган усмонли жангчилари 1553–1554 йилларда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари учун бўлган юришларда иштирок этганлар. Уларнинг ўточар қуроллардан фойдаланиш борасидаги маҳорати маҳаллий ҳукмдорлар томонидан эътироф этилган. Бу ҳолат ўша даврдаги ҳарбий санъат ва тажриба алмашинувининг ёрқин намунасидир.
Иқтисодий ва маиший ҳаётдаги яқинлик ҳам эътиборга молик. Асрлар давомида Бухоронинг мирза ва хаттотлари Туркиядан келтирилган, “қоғози истамбули” деб эъзозланган сифатли қоғоздан фойдаланишни маъқул кўрганлар. XIX аср охирларида эса савдо алоқалари қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам кўчди. 1890 йилда ўзбек бозорларига Туркиядан ипак қурти тухуми кириб келган бўлиб, мутахассислар унинг сифати ўша даврда жаҳонда машҳур бўлган француз навидан ҳам устун эканини қайд этганлар. Бу каби савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки халқнинг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатган.
ХХ аср бошлари Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида маърифий уйғониш даври сифатида гавдаланади. Туркистон ўлкасига Истанбулдан келган ҳарбий зобитлар ва зиёлилар “Ёш турклар” ҳаракати ғояларини тарғиб қилган ҳолда, маҳаллий жадидлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатдилар. Улар таълим тизимини ислоҳ қилиш, миллий ўзликни англаш масалаларида фаол иштирок этишди. Биринчи жаҳон уруши даврида Россия империяси томонидан туркларга нисбатан чекловлар қўйилганига қарамай, Мустафо Субҳи (1883–1921) каби фидойи инсонлар “Ёш бухороликлар” ҳаракати билан ҳамнафас бўлиб, халқ орасида маърифат уруғини сочишда давом этдилар.
Бу даврдаги инсоний муносабатларнинг энг таъсирли жиҳати оилавий ришталарда намоён бўлади. Туркияда таҳсил олган кўплаб ўзбек зиёлилари ватанга қайтганда, ўзлари билан турк қизларини турмуш ўртоқ сифатида олиб келишган. Машҳур бастакор Мутал Бурҳоновнинг яқинлари Мазҳар ва Муаммирларнинг оилалари бунга мисол бўла олади. Ўзбек хонадонларига кириб келган турк келинлари ўзларининг юксак одоб-ахлоқи, мусиқий диди ва маданияти билан эл орасида ҳурмат қозонганлар.
Тарихнинг энг оғир синовларида ҳам ўзбек халқи ўзининг бағрикенглигини намойиш этди. 1930-йилларнинг охири ва Иккинчи жаҳон уруши даврида сталинча қатағон сиёсати туфайли минглаб месхети турклари Кавказ ҳудудларидан Ўзбекистонга мажбуран кўчирилди. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган бу халқ вакиллари Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг чўл ҳудудларини ўзлаштиришда фидокорона меҳнат қилдилар. Янги ерларда барпо этилган “Турк маҳалла”лари қисқа вақт ичида обод гўшаларга айланди.
Агар 1926 йилда ўлкада бор-йўғи 374 нафар турк истиқомат қилган бўлса, 1989 йилга келиб уларнинг сони 100 мингдан ошди. Гарчи кейинчалик сиёсий чекловлар олиб ташланган бўлса-да, Ўзбекистон улар учун қадрдон ватанга айланиб улгурган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган турк диаспораси вакиллари халқимиз билан бир тану бир жон бўлиб, Янги Ўзбекистон равнақи йўлида хизмат қилмоқдалар. Тошкентдаги Турк миллий маданий маркази эса асрлар давомида сайқалланган дўстлик ва қардошлик ришталарининг рамзи сифатида фаолият юритмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА